среда, 18 января 2012 г.

Мухолифат фаоли Сафар Бекжон билан суҳбат


Мухолифат фаоли Сафар Бекжон билан суҳбат


Мухолифатдаги "Эрк" партияси фаолларидан бири, ёзувчи Сафар Бекжон bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.
47-ёшли Сафар Бекжон ҳозирда Швецарияда яшаб ижод қилмоқда.
У 1993 йилда Ўзбекистон ҳукуматига қарши сиёсий қарашлари учун озодликдан маҳрум этилган ва ҳаётининг уч йилини Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида ўтказган.
Сафар Бекжон "Нариги дунё дарчаси олдида" номли биографик асари билан кўпчиликка яхши таниш.
Муаллиф асарининг асосий қисми Ўзбекистон жазо колонияларида 1993-1996 йилларда коғозга туширилганини айтади.
Сафар Бекжон асарида тилга олинган шахслар ва жойлар номини ҳам ўзгартирмаганини урғулаган.
Сафар Бекжоннинг айтишича, Ўзбекистондаги вазиятни "ўз ҳатти-ҳаракати билан енгиллаштиришга интилаётган инсонлар бор, бу китоб уларга далда бериш, кун келиб, уларнинг бу заҳмати муносиб баҳоланишини эслатиш учун ёзилди."


Би-би-си: Қўшма Штатлардан ўзини “Мусофир” деб таништирган мухлисимиз саволи:- "Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонга қўйилган, қуйилаётган ваё бекор қилинаётган жазо чоралари ўзбек халки учун нимани англатади? Бу чоралардан қандай фойда ваё зарар бор?"
Сафар Бекжон: Агар Оврўпо Иттифоқи жазо чоралари ҳақида сўраётган бўлсангиз бу масаланинг ўзбек халқи билан боғлиқлик жойи йўқ. Жазо чоралари ҳукумат раҳбарларига қаратилганди. Аммо бу рамзий жазо, холос. Ҳақиқий маънода ҳукумат раҳбарлари ҳали ҳеч қаерда жазолангани йўқ. Дунёда энергетик инқирознинг юз бериши қўлида ресурслари бўлган диктаторларга қулай вазиятни туғдиради. Ғарб сармоядорлари диктаторлар билан осон тил топишади. Аммо бу ўткинчи вазиятдир, эртага худди шу ғарбликлар Каримовни ағдариш учун сармоя қўйсалар, ажабланманг.
Би-би-си: "- Сиз қамоқдалигингизда диний маҳбуслар ҳам бормиди? Бўлса, уларга муносабат бошқа маҳбуслардан қанчалар фарқ қиларди?" - деб сўрапти Швециядан Ёдгор Юсупов исмли мухлисимиз:
Сафар Бекжон: Мен қамалган пайтлар ҳали тўлақонли диктатура бошланмаганди. Сиёсий маҳкумлардан диний маҳбуслар ўртасида фарқ бор эди. Сиёсийларга унчалик вахшийлик қилишмасди. Аммо, диний маҳкумлар ўша пайтларда ҳам қийноқлар остида эди.
Би-би-си: Яна бир мухлисимиз яқинда бўлиб ўтган сайловларда “Эрк” партияси имкониятлари қай даражада бўлганини сўраган. У: - "Мухолифатчиларни, хусусан ўзингизни давлат раҳбарлигига тайёр деб биласизми ҳозирда? Парламент ва президент сайловларида ғалаба қилсангиз, ишни аввало нимадан бошлаган бўлардингиз?.." - деб сўраган.
Сафар Бекжон: Дунё ҳамжамияти "Ўзбекистонда диктатура бор" - деб айтаётган бир пайтда бизнинг сайлов ҳақида гапиришимиз мантиқсизликдир. Саволнинг иккинчи қисмига келсак, 1990-91 йилларда Каримовнинг шахсан ўзи мени икки марта чақириб, лавозим таклиф қилганди. Мен ғоя одамиман. Шарқда раҳбар ғоясиз, шеърсиз, китобсиз бўлмаган. "Мен эконамистман, Муҳаммад Солиҳ шоир бўлса, у давлатни бошқаролмайди,"- деган Каримов халқни хонавайрон қилди. Мен, ўтмишида авлодлари тажрибаси бўлган, ўз танасида қийноқ ва исканжаларни "татиган" ҳамда Ғарбда анчадан бери яшаётган зиёлий сифатида, ҳукуматда ишлашга тайёрман. Ишни адолатни тиклашдан бошлаган бўлардик.
Би-би-си: Тошкентдан Жавоҳирбек Султонбековнинг саволи куйидагича: - “Айтингчи, нима сабабдан ўзини мухилифатчиман деганлар курашиш ўрнига бир-бирини қоралаб юришаверади, қачон бирлашасизлар?”
Сафар Бекжон: Биз 1988-1992 йиллар орасида қисқа бир муддат очиқ фаолият кўрсата олдик, холос. Агар вақтимиз етарли бўлганида мухолифатчилик ҳақида халқимиз бугунгидан бошқачароқ тушунчага эга бўларди. Бир хил мухолифат: - "мавжуд ҳукумат ўрнига келсак,"- деб халққа мурожат қилади. Икинчи хил мухолифат эса: -"агар мавжуд тузумни йиқитсак ..," - деб ўртага чиқади. Биз "диктатура" деб аталадиган тузумга қарши курашаяпмиз. Каримов ҳукумати кетиб, ўрнига бошқалари келса ҳам, бу режимни ўрнига қўя оладиган янги ғоя бўлмаса, бу қуруқ мансабпарастликдан бошқа нарса бўлмай қолади.
Би-би-си: Остонадан Тоҳир Саидов: -"Мухолифат раҳбарлари ўртасидаги “душманлик” Ўзбекистон демократик мухолифатига зиён етказди, деган фикрларга қўшиласизми? – деб сўрапти.
Сафар Бекжон: "Эрк" партияси Туркистон Мухториятини қурган. Жадидчилик ҳаракати ғояси ва фалсафаси бу партияда мужассамлашган. Муҳаммад Солиҳ бу ғоянинг тўла маънодаги давомчиси бўла олишини ўз асарлари билан, ўзбек жамиятида ва турк дунёсида тутган ўрни билан, исботлаган шахсдир. Муҳаммад Солиҳ агар: - "Ўз шахси номидан бошқа бир шахс атрофида бирлашайлик," - деса ҳам, биз бунга каршимиз! Қандай фалсафа ва қайси ғоя aтрофида кимларнингдир бирлашиши халқни моддий бойитмайди ёки камбағаллаштирмайди.
Би-би-си: Қўшма Штатлардан Маҳзумбекнинг айтишича, у шахсан “Эрк” партияси фаолиятини кузатиб келаётган экан. “Гапларизда кўпроқ ҳозирги тузумни танқид қилиш туради. Лекин ўзларингиз ҳокимиятга келсангиз, қанақа сиёсату иқтисод юритмоқчислиз, шу тўғрисида бир аниқ гапирмайсиз. Қолаверса, ўзингиз шоирнинг давлатни бошқаришига кўзингиз етадими?” – деб сўрапти Қўшма Штатлардан Маҳзумбек.
Сафар Бекжон: Аввалам бор "Эрк" партиясига қизиқиб, уни кузатиб келаётганингиз учун раҳмат. "Эрк" партияси ҳукуматни нафақат танқид қилиш, ҳатто баъзи қарорларни қабул қилинишига эришаяпти. Аммо бу қарорлар бажарилиш учун эмас, танкидга ўрин қолдирмаслик учун қабул қилинаяпти. "Эрк" ижтимоий адолат тамалига асосланган бозор иқтисодига ўтишни таклиф қилмоқда. Темур ҳам шеър, ҳам китоб ёзган. Бoбуршоҳ буюк шоир ва ёзувчи бўлган. Минглаб йиллардан бери бизда ҳокимятдагилар ижодкор кишилар бўлганлар.
Би-би-си: Ўзбекистондан Сухроб йўллаган савол: - “Сизни Манғитлар сулоласига тегиши деб эшитдик. Шу ростми?”
Сафар Бекжон: Бу савол бироз мужмалроқ. Манғитлар бир сулола исми эмас. Туркий халқлар ичида Манғитлар катта бир уруғ ҳисобланади. Ҳатто Амударё туманида "Мангит" шаҳарчаси бор. Агар Бухоро Амири сулоласини назарда тутаётган бўлсангиз, йўқ, мен бу оиладан эмасман. Бухоро Амирлиги шаҳзодаларга таълим бериш учун Хоразмдан олимларни таклиф қилган. Хоразмдаги бизнинг оиладан ҳам Низомиддин Урганжий Бухорога келган. У киши кейинчалик Амирнинг Бош вазири ва ҳарбий қўмондони бўлган. Большевиклар, у киши истеъфога чиққандан кейингина, Бухорони босиб олишга эришган. У киши оддий аскар сифатида бўлса ҳам, шаҳар ҳимоясида шаҳид бўлган. 1990 йиллар бошида бу ҳақда мен билан ўзбек матбуотида кўплаб мулоқотлар нашр этилган.
Би-би-си: Тошкентдан "Жулқунбой" китобингизни қаердан топиш мумкинлигини сўраган.
Сафар Бекжон: Китобим фақат бир марта бундан 10 йил олдин чоп қилинганди. Ўзбекистонда ҳалигача нусхаларини қўлма-қўл ўқишаётганини эшитиб тураман. Ўзбекистондаги илк хусусий банк - "Рустамбанк"-нинг асосчиси Рустам Усмонов Қирғизистонда китобимнинг ҳам русчасини, ҳам ўзбекчасини чоп қилдирганди. Афсуски, тарқатиб улгурмасидан, Рустам Усмонов қамалиб кетди. Китоб учун ҳеч кимни жабрланишини истамаётганим учун қайта нашр этмаяпман. Аммо китобни рус тилида ва бир қисмини инглиз тилида интернетдан топиб ўқишингиз мумкин.
Би-би-си: Қўшма Штатлардан Камолиддин Абдулвоҳид: -"Айни кунларда нима билан бандсиз ва ҳозирги ўзбек ҳукуматидаги юқори лавозимли корчалонлардан кимлар билан ишласа бўлади?" – деб сўрапти.
Сафар Бекжон: Айни кунларда "Туркистонда давлатчилик асослари" китобини ёзиш билан бандман. Китобни, Ўзбекистондаги ва эски Советлардаги архивларга оид маълумотларга қараб чиқиш имкони бўлмагани учун, тўлалигича эълон қилмай турибман. Бази бир бобларини интернетдан эълон қилгандим. Интернетда муаллифлик ҳуқуқи аниқ бўлмагани учунми, билмадим, Ўзбекистондаги "тайёрга-айёр" баъзи кимсалар уларни ўзлаштириб олганликларини эшитдим. Китоб биз Ўзбекитонга қайтгандан кейин эълон қилинади. "Ҳозирги ўзбек ҳукуматидаги юқори лавозимли корчалонлар" сўзи қизиқарли бўлган. Ўзи юқори мартабада бўлса, яна унинг устига корчалон бўлса, у билан қандай қилиб ҳамкорлик қилиб бўлади?
Би-би-си: Ва ниҳоят Ўзбекистондан Аброр: “Ўзбекистонни соғинганмисиз, мухолифатдан бошқа иш билан шуғулланишни ўйлаб кўрганмисиз?” – деб сўраган.
Сафар Бекжон: Ўзбекистондан ўз ихтиёри билан чиқиб кетганлар балким биздан кулишар. Ҳар кун Ўзбекистон соғинаман. Мухолифатчиликка бир касб сифатида қарамайман. Швецарияда турк ташкилотларида фаолият кўрсатаман.


    



Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Putin, "saylov" kunini nega 17 martga tayinlagan edi?

 Putin,  "saylov"  kunini nega 17 martga tayinlagan edi? Provoslav cherkov oqimidagi ruza aynan 17 mart kuni tugaydi. Qadimiy Prov...