суббота, 27 октября 2012 г.

Қамоқхона дафтаридан

Сафар Бекжон: 

Қамоқхона дафтаридан 

ххх
Хизматида етти иқлим, ул жондек жонона йўқ,
Дури-дунё шамидир, анга мендек парвона йўқ.


Гаҳи йиғлаб, гаҳи кулдим анинг сар-ҳисобига,
Айрилиб хонумонидан, тўлмаган паймона йўқ.


Дедим: бас қил фироқингни жамолинг таманно қил,
Деди: ҳар тонг мен кирмаган кулбаю бир хона йўқ.


Билолмасман нечукдурсан, ахир нурни ўпиб бўлмас,
Магар шаклу-шамойилдан эшитганим афсона йўқ.


Соқиё тутди қадаҳ ёр аксини кўргин дебон,
Кўчаларда энди мандек маст йўқ, мастона йўқ.


Ёр агар қилсанг карам дўстинг Сафарни шод қил,
Ки унинг кўнгил уйидек хўп ажиб кошона йўқ.


Тошкент, 1985 йил.





Қўй оғзидан чўп олмаган Юртбошимизга
( Ушбу шеьр бундан ўн бир йил олдин ҳазил тарзида ёзилган эди.1998 йил сарлавҳага “юртбошимизга” деган сўз илова қилинди).

Қўй оғзидан чўп ол, бўғизла уни,
Ҳаётга қасдма-қасд бўридай яша.
Четга сур имону инсофни буткул,
Қорнинга нон бўлмас қуруқ сафсата.


Дунёга ўт кетсин, сув боссин майли,
Ўтирган ўрнинг омон бўлса бас.
Гар топсанг ичингда виждондан хабар,
Уни ҳам ўлдир ортиқ қийнамас.


Исо-ю, Муҳаммад ўтмиш аталур,
Сен бугун туғилдинг, бугундай яша!
Умум сўровига ҳали анча бор,
Дўзахга қаср қур, ўлма унгача.





Шавкат Раҳмонга

Байрам қилгани кўча йўқ бизда,
Аза очгани ҳам кўчамиз йўқдир.
Куну-тун қуруқ ваьдалар еймиз,
Умримиз лаббай ва яна хўпдир.


Лекин сиз “ўртоқми”, ёки биродар,
Хуллас бирон атама эгаси инсон!
Қийнаганми бир бор ўжар “лекин”лар,
Дўппингиз ечмоққа бўлганми имкон.


Виждон-у имондан эшилган арқон,
Сиртмоқ тушингизга кирмаганмиди?!
Ҳеч бўлмаса битта, бир кичик “лекин”,
Бўйнингизга сиртмоқ илмаганмиди?!


Гапиринг қайдасиз, борайин қайга?
Байрамлар қилайми, очайми аза?
Жавоб кутар сиртмоқ “лекинлар”,
Қалбингиз кўчаси қайси марказда.


1985 йил.



Бўғилмоқда бўғўимда сўзлар

Бўғилмоқда бўғзимда сўзлар,
Хуни тутар бир куни албат.
Калимадан тинмайди тилим,
Тишларимда ғижирлар ғафлат.


Кетар эдим бош олиб буткул,
Шодликларим қаноти синиқ.
Фақат осмон билмас чегара,
О , у нақадар, нақадар тиниқ.


Унда сени алдолмас биров,
Одамхўрлар тополмас излаб.
Юрагинга сиғмаган дардинг,
Қоғозларда юрмайсан гизлаб.


Бўғилмоқда бўғзимда сўзлар,
Хуни тутар бир куни албат.
Жон бермоқда тоқат қонталаш,
Кўзларимни уйғотар даҳшат.

1985 йил.


Мансур шеьрлар туркумидан

Янги уйга кўчган одамга нимадир етишмайди.
Айниқса ижарага яшаётган одам кўчса, бутун шаҳарни тентираб
топган “уйига”.
Кўчим бор йўғи бир жамадон. Хаёл суриб кетарканман айнан шу пайтда туғилган уйида, боринг-ки юз йил яшаган ва оёғини узатиб
ўлаётган одамга раҳмим келиб кетади.
Бир жойдан бир жойга кўчиб ҳеч нима йўқотмаган бўлса,
Нима топди экан юз йил ахтариб!

1985 йил.

1989 йил манзаралари

(Ўзбекистонлик СССР халқ депутатларига!)

Қабристон кенгаяр кунба-кун, чексиз,
Кенгаяр юҳодай пудрат далалар.
Бир юрт ухлар бунда хўрланган эрксиз,
Ҳатто гўдаклари тутмиш азалар.


Ухлар кўзларига туз сепар Орол,
Ажал қалқонлари гужумлар ёнди.
Юз йиллар талаган еб тўймас иблис,
Бир ҳовуч сувидан, сўзидан тонди.


Азалдан нодонлар юрт сўрар бўлса,
Элни ғам босар, босар хиёнат.
Миллат ботирлари мудраса бир он,
Дарёси бўғилар, тарк этар омад.


Шу буюк тупроқ олдида бугун,
Бир нафас тин олгин, эгилсин бошинг.
Қайларга келдинг, кимлар йўлдошинг?!
Қани кўларингда эрклик байроғинг!

1989 йил.

Авфнома сўраб…

Неки ўтса мендан ўтибди,
Меникидир шу пишган ёвғон.
Чўмичи-ю қозон мендандир,
Ўтин бўлди сиз берган фармон!

Хоҳланг осинг, хоҳланг авф этинг.
Неки ўтса мендан ўтибди,
Бор бойлигим бир ҳовуч тариқ,
Шундан қўрқиб оломон билмай,
Сизнинг таморқага чумчуқ экибди.

(Қарши қамоқхонаси, 31.10.1994 йил).

Кечиринг санамлар…

Кечиринг, санамлар, биздан ўтибди,
Ҳусни жамолингиз қадрин билмабмиз.
Ўттиз уч баҳорни кузга алмашиб,
Сизни ўйламабмиз, юрак тилмабмиз.


Фалакда парилар, сиз ҳам кечиринг,
Ойга боқибмизу, сизни кўрмабмиз.
Тонггача адашиб сомон йўлида,
Қизарган шафақдан сизни сўрмабмиз.


Етти қат самодан сўраб, ахтариб,
Сайр этиб сар- сари кетаверибмиз.
Беш кунлик дунёни олти кун билиб,
Айланиб-айланиб ўтаверибмиз.


Кечиринг, санамлар, биздан ўтибди,
Сочингиз калта деб қисқа ўйлабмиз.
Қирқта дор бўлибди қирқ кокилингиз,
Бўйимиз сиз билан хато бўйлабмиз.

(Қарши қамоқхонаси, 1994 йил).

Сабр косам тўлиб бўлди…

Фалакким гардиши даврон айирди ихтиёримдан,
Биёбонларда хор бўлдим, айро тушиб диёримдан.


Кетолмасман олиб бошим, қўлу-аёқ кишандбанддир,
Хазонларга дучор бўлдим, хабар йўқдир баҳоримдан.


Баҳовиддин балогардон бошимга соябон бўлгай,
Саҳарларда фиғон қилсам кишан куйгай бу оҳимдан.


Қасамхўру мунофиқлар айшу-ишрат сурар тинмай,
Бу не юртки нотавонлар нари кетмас нигоҳимдан.


Нада халқдан, на холиқдан садо чиқмас ҳақоратга,
Сабр косам тўлиб бўлди, исён чиқар шижотимдан.


Кел эй Сафар, мулки Турон ичра сенга хабар кетди,
Қолиб фурқат ичра кечдим бори-будим, бисотимдан.

Тоштурма. 1993 йил.

Мен эса чарчадим…

Чарчадим она, мен чарчадим она,
Умр салтанати чатнади, синди.
Даҳшат бостирар сўнгсиз ва сўнгсиз, 

Умрим уммонида тўлқинлар тинди.

Она, чарчадим бу ёлғон дунёнинг,
Кетгим келади рост тамонига.
Қайғу денгизида чўксам чўкибман,
Асло осилмайман чўп-самонига.


Ўтиб бўлди, она, ўттиз уч баҳор,
Уларнинг гуллари занглади сўлди.
Замона зўрники, шоҳлар қасридан,
Оққан қонга умрим жомлари тўлди.


Остонада турар фармони-олий,
Қўлида қиличи, бошида тожи.
Мен эса чарчадим, хўп, хайр энди,
“Ассалому-алайкум, дорнинг оғочи”.

(Қарши қамоқхонаси, 1994 йил).

Илтижо

Яна чарчаб келдим қаршинга она,
Бир чимдим юпанч бер, озгина сабр.
Сенсан қиблагоҳим, суянчим тоғим,
Тўрт томон сим девор, саҳрои кабр.


Она соғичларни тўсолмас девор,
Қўрқмас руҳимга дунё бир қарич.
Елкамда оламон, ташвиши бисёр,
Туримман қаршингда сўзларинга зор.


Она чарчаган маъюссан нечун?
Нечун чеҳрангда синиққан кулгу.
Шунчалар қўрқинчми қайғу-ташвишим,
Елкамдан ирғитсам аломон етим.


Яна чарчаб келдим қаршинга она,
Тўрт девор шовқини ғулу солади.
Озгина жимлик бер, бор йўғи жимлик,
Оломон бир нафас қилсин тантана.


Яна чарчаб келдим олдинга ОНА.
(Қарши қамоқхонаси, 1996 йил).

Талабалар шаҳри исён бешиги

Сен уйғондинг –қайтди чекинган иймон,
Сен уйғондинг –қайтди бекинган виждон.
Сен уйғондинг- қайтди ватанга “Қурьон”,
Талабалар шаҳри исён бешиги,
 

Эркликка очилган нажот эшиги.
Оналар алласи фалакка нидо,
Боболар салласи белингга фидо.
Йўлингда қўллагай бир ёлғиз худо,
 

Талабалар шаҳри исён бешиги,
Эркликка очилган нажот эшиги.

Кўп кўрдинг ҳийлагар сайловларини,
Ваьдалар, азалий алдовларини.
 

Тиллари бурролар пайровларини,
Талабалар шаҳри исён бешиги.
Эркликка очилган нажот эшиги.

Омон бўл, эй, юртим посбони қальам,
 

Жипслаш, қалқсин кўринмас алам.
Озодлик байроғин кўтаргин илдам,
Талабалар шаҳри исён бешиги,
Эркликка очилган нажот эшиги.

Тошкент шаҳри, 1989 йил.

пятница, 26 октября 2012 г.

Tabrıknoma


 Kardaşlerım sızlerı 'Kürbanlık günı' munasıbatı bılan tebrıklerım. Bügun kesılmaya ğotırılken bır koça deyıştırılen Ismaılıg bayramıdır. Bızde bayram etebılırız, çunkı hepımız her gün kesılme tehlıkasıyla yaşamakdayız. Dünyayı yonatenlere Allahım ınsaf ve şefkat versın. Insanlıgı kendılerı ıçın kurbanlık seçen dıktatorler ve unlarıng kassablarına Azraılden heber versın. Bızede akl ve fıkr versın. Hayvanlar senede bır kaç gün kurbanlık olma ehtımalındayken bız ınsanlık dünya katıllerınçe ıstandıgı anda 'kurbanlık' yapılmakdayız. Ya Allahım kandırılıb kesılmaya gotırılmekde olan Ismaıl yapma bızı. Erına kesılen koç-da benzetme bızı. Yaparsang yenıdan yap-kı sınanmadan, Sana layık olalım. Amın


 Insan ınsanı kesmesın deya ,
Allahım göndardı bıza hadıya.
Insan devam eter ınsan kesmaya,
Güç kuvvat ölsın deya emekde hadıya.





Ben kürbanlık eterım bır gün ıçın nefsımı,
Ikkıncı gün keserım gelen-geten kıbrımı.
Uçıncı gün bakarım ıçımdeyı savaşa,
Galıb gelen adına kesecegım fıkrımı.


 Sefer Bekcan..

Капитуляция фақат Россия учун эмас.

Капитуляция фақат Россия учун эмас.                   Рус национал ғояси ва Коментерна охирги 120 йиллик халқаро хатти-харакати капитуляцияг...