вторник, 17 февраля 2026 г.

Миллий қадр Фахридин Усмонов

Iqtisodiy inqirozni oldini olishga takliflar kiritilmoqda.
Faxriddin Usmanov ancha yillardan beri Xokimiyatga takliflar kiritdi.
Vaziyatning bugungi axvolga kelishini oldindan aytgan. Xokimiyat xech qanday chora körmagan.
Sabab?
Xalq muammolar bilan kurashsin.
Xokimiyat uchun raqobat qilmasin. Endi esa vaziyat izdan chiqdi. Shunday bölsa ham takliflar yyinlanmoqda. Toki kelajakda bizga tana qilishmasin.
Takliflar bermadinglaring deyishmasin. Ushbu isloxat dasturi SHM va vazirlar maxkamasiga tagdim qilingan.
Bizda muammo yöq va bölmaydi deyishgan.
Qarang-ki, özbekiston iqtisodi xalokat yoqasiga keldi. Xokimiyatda ishlasam yaxshiroq tushuntiraman deb öylagan iqtisodchi olim Yuliy Yusupov ham bugun ogoxlantirish bayonoti bilan chiqdi.
Faxriddin Usmanov ancha yillardan beri Turkiston ozodligi va ittifoqi xarakatining iqtisodiy dasturini taxlil qilib chiqqan mutaxasis. Xokimiyatga asosli takliflar berib vaziyatdan chiqib ketishimiz mumkin deb öylamoqda edi.
Biz bilganmiz, mavjud Xokimiyat muammolar girdobini özi xoxlab qilmoqda.
Matbuot markazi.
17.02.2026




Ассалому алайкум.

Файласуф Рене Декартнинг “натижа сабабдан кичик бўлади”, деган сўзлари бор экан (Гейдар Джемаль. Youtube. 02:03. Как жрецы изменили учение Иисуса?). Натижани кўриб турибмиз. Бу оқсоқ иқтисодиёт, нисбатан интизом ва саводдан қолдирилган халқ. Сабаб нима? Халқ салоҳиятини ўстириш, иқтисодиётнинг бирор соҳасини “драйвер” қилиб сайлашдан аввал нималарга эътибор берилиши керак? Бу саволларга жавобни Ўзбекистон иқтисодиёти соҳаларининг ривожланиши учун зарурий ташқи ва ички муҳит омилларини ўрганиш орқали топиш мумкин. Улар қуйидагилар:

  1. Инсон ва харидорлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган изчил ижтимоий, иқтисодий, экологик ва технологик қонун / регламентлар

Қонунчилик “инсон ҳуқуқлари – истеъмолчи ҳуқуқлари – жамият ҳуқуқлари – бизнес ҳуқуқлари – ...” тартибидаги приоритетларга эга бўлиши керак. Aкс ҳолда, ҳеч бир давлатда интеллектуал, технологик ва иқтисодий ривожланиш содир бўлмайди... Ўзбекистон 1992-йилда, мавжуд “қонунчилик одатлари (правовй обычай)”, “қонунчилик прецедентлари (правовой прецедент)”га ҳеч қандай мурожаат қилмасдан, Роман-Герман қонунчилик тизимини қабул қилди (ёки қабул қилиши сўралди)... Лекин, Роман-Герман қонунчилик тизимининг турли мамлакатлар учун ҳар хил “опция”лари борга ўхшаяпти.

РФ ёки Қозоғистон Республикасининг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда техник регламент ҳақидаги қонунларида “бозор (ёки маҳсулотни қайта) чақируви” деган тушунча бор. У ердаги ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар чақирув бўйича тааллуқли халқаро стандартларнинг талабларини тадбиқ қилишга мажбур. Хусусан, Қозоғистонда Техник тартибга солиш тўғрисидаги қонунни қўллаш учун халқаро ИСО 10393-2013 “Истеъмолчи маҳсулотларини бозордан чақириб олиш - Етказиб берувчилар учун кўрсатмалар” стандарти ратификация қилинган (https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=35419344 ). Шунинг учун, ҳар қандай қонун, маҳсулот, хизмат ва бошқаларнинг сифати Ўзбекистондагидан юқори.

Ўзбекистонда эса худди шундай иш қилинганига оид ҳеч қандай далил йўқ, (https://lex.uz/search/all?searchtitle=ISO%2010393, https://gov.uz/oz/standart/search?text=ISO%2010393, https://www.standart.uz/site/search?q=ISO+10393) ва бу истеъмолчиларга нисбатан бўлаётган масъулиятсизликнинг асосий сабабларидан биридир. Ўзбекистоннинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда техник регламент ҳақидаги қонунларида “бозор чақируви” деган ибора йўқ, ёки топиш қийин. Унинг ўрнига “маҳсулотни мажбурий равишда чақириб олиш” ибораси бор, суд қарори билан (юқори эҳтимол билан, прокуратура чиғириғидан кейин, албатта анча вақт ўтиб). Охирги 3 йилда нечта бозор чақируви ҳақида суд ҳукми бўлди? Судгача қайси идора маҳсулот хавфсизлиги ҳақида, тааллуқли экспертиза (forensic engineering) амалларини бажариб, хулоса берди? (Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза хулосаларини кўрилса, улар сарфланган ҳаражатга арзийдиган, қарор чиқариш учун ишлатса бўладиган фаразга ўхшамайди. Соддароқ тушунтирилса, оқ нарсани “оқроқ”, қора нарсани “қорароқ” деб ёзилади. “Таҳлил ва фараздаги эҳтимолликлар ва аниқликлар нисбати” деган нарса йўқ.) Нимага ишлаб чиқарувчининг ўзи ташвишли ҳолатни назоратга олиб, изланиш ўтказиб, хато кетган маҳсулот партиясини бозордан чақириб олиб, харидорга яхшисини етказиб беришига қонунчилик даражасида йўл қўйилмаган? Суд ҳукмидан истеъмолчига қанча наф? Жавобгар корхона ва мутасаддига солинган жаримадан истеъмолчига нима наф? Бирор озиқ-овқат, дори-дармон ёки дарслик хато кетса, то суд ҳукми чиққунича вақт ўтиб кетганига неча марта гувоҳ бўлинди? Шу сабабли, масалан, Кореяда сотиб олинган электр жиҳозининг умри, у 15-20% гагина қиммат бўлса-да, Ўзбекистонда сотиб олинган электр жиҳозининг умрига қараганда 3-4 баробар кўп эмасми? Шунинг учун хатоси бор дарсликлар таълим тизимига кириб кетмаяптими? Шу сабабли ЖССТ маъқулламаган ёки хавфлилиги айтилган медикаментлар сотувга чиқиб кетмаяптими ва чиқиб кетса ҳам бозордан чақириб олинмаяпти? Шу сабабли ҳар хил асоссиз ёки мустамлака тизимларидан кўчирилганга ўхшаш чекловлар (хонадонларга, нечта аъзоси бўлишидан қатъий назар, бир хил лимит, ...) қўлланилмаяпти? Бу қиёсни йўлларнинг, тротуарларнинг, иморатларнинг, иншоотларнинг, импорт қилинаётган электрон ва механик қурилмаларнинг ҳамда бошқа кўп нарсаларнинг сифатига, хавфсизлигига ва хизмат умри давомийлигига нисбатан қўллаш мумкин... Эҳтимолий салбий натижалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин, ва у узун чиқади...

Aгар истеъмолчилар олдида жавобгарлик бўлмаса, Сифат ва бошқа бошқарув тизимларини тўлиқ жорий этишга эҳтиёж қолмайди ва ИСО 9000 сериясидаги ҳар қандай стандартининг ҳар қандай талаби "шунчаки тавсия" сифатида қабул қилинаверади. Ўз навбатида, бу лойиқ ва салоҳиятли раҳбар ва ходимларни ёллаш заруратини келтириб чиқармайди. Aгар лойиқ ва салоҳиятли раҳбар ва ходимлар талаб қилинмаса, болаликдан миллатнинг интеллектуал қобилиятини оширишга жиддий эҳтиёж туғилмайди. Бу эса етарли миқдорда бир сменали мактаблар қуришга эҳтиёжни ҳосил қилмайди... Натижада, ~70% ўзбек бакалавр ҳатто ўзбек тилида бехато ~200-300 сўзли иншо ёза олмайди... Шулардан келиб чиқиб, “миллий салоҳиятимизнинг ўсиши қонунчилигимиз орқали бўғиляпти”, - дейилса бўлаверади.

Инсон ҳуқуқларига келсак, жамиятга жиддий таъсир қилмаган жиноятлар суриштируви албатта адвокат иштироки билан бошланадими? Судларда айблов ва ҳимоя ваколатлари тенгми? Бизда инсон ҳуқуқлари изчил ҳимоя қилинади, деган даъвога етарлича далил йўққа ўхшамаяптими? Ўрта таълим даврини узайтириш ва балоғат ёшини чегаралашда айниқса аёлларнинг фикрлари атрофлича ўрганилганми? ...

Қонунчилигимиздаги “бозор (ёки маҳсулотни қайта) чақируви” деган тизимли тушунча ва қатъий мажбуриятларнинг йўқлиги ҳамда тергов-суд жараёнида айблов ва ҳимоя ваколатларининг тенг эмаслигига РФ дан, РФ га эса Европадан “ўзбекка бўлаверади”, деб “берилаётган” қонун шаблонлари сабаб эмасми? Халқаро банкларнинг ҳам бунда манфаатлари бор эмасми? Чунки тахминан 150 йилдан бери Марказий Осиёдан сув текин олиб чиқилаётган табиий ресурсларнинг асосий талабгори Европадир... Агар шунча вақтдан бери талаб тўйишмаган бўлса, демак нафсда манманлик, зиқналик, очкўзлик ва судхўрлик сабаб юз бериши мумкин бўлган “ит очилиги” дардига мубтало бўлишган экан аслида, ва бу глобал иқтисодиёт ҳамда дунё жамияти учун ҳам жуда юқори хавф... Қонунчилигимизда “бозор чақируви” деган аниқ тушунча ва тизимли мажбурият бўлмаса, иқтисодий ва ижтимоий бошқарувда талаб даражасидаги илғор ёки ҳеч бўлмаса замонавий сифат менежменти ва ходимлар бошқаруви тизимларини ҳамда лойиҳа бошқаруви жараёнларини тадбиқ қилишга нафақат эҳтиёж бўлмайди, балки улар ортиқча даҳмазадай кўрина бошлайди...Бу хатто сенат ёки парламент ишини ҳеч бир қатъий талаб қаршисига чиқа олмайдиган, масъулияти билинмайдиган ва муҳимлиги паст вазифага айлантириши мумкин.

Жамият ҳуқуқи риояси ҳолатига битта мисол. Атроф муҳит мухофазаси бўйича, ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган хар бир маҳсулотнинг утилизация қилиш тартиби / технологияси чиқиндиларни қайта ишлаш тизимига изчил билдириляптими? Чиқиндиларни йиғиб, қайта ишлашга берадиганлар ҳам бундан хабардорми? Менимча йўқ, ёки тизимли эмас. Чиқиндиларни йиғиш бўйича халқаро илғор тажрибаларни, “буни қилсак фалон элат ишсиз-нонсиз қолади”, деган фикрни бир четга суриб, боғчадан тортиб катта корхоналар миқёсигача тарғиб ва тадбиқ қилиниши зарур. Бу миллатнинг атроф-муҳит бўйича чегаралиниши керак бўлмаган ҳуқуқидир.

Бизнес ҳуқуқига келсак, хос бўлмаган административ вазифалар юкланиши туфайли қанча тадбиркор синаётгани ёки қанча корхоналар рентабеллиги тушиб кетиши ўрганиладими? Иқтисодий фаолиятдаги приоритетлар “маҳсулот / хизмат хавфсизлиги – сифати – ишлаб чиқариш ҳажми – таннархи” тартибида эмас, балки “маҳсулот / хизмат ишлаб чиқариш ҳажми – таннархи – сифати – хавфсизлиги” тартибидалиги соҳаларнинг ўзларига хос техник-иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ни татбиқ қилишга, улар бўйича мақсадларни белгилаб ишлашларига тўсқинлик қилмаяптими? (Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда ўзига хос KPI лар бўйича ишлаётган бирорта соҳа бўлмаса керак. Шундай бўлса-да, иқтисодга халқаро рейтинглар белгиланади ва халқаро кредитлар ажратилади. Қандай?) Деярли Президент администрациясидан тушириладиган “Таннархни тушириш” вазифаси-чи? Маҳсулот таннархи 95% аниқлик билан лойиҳалаш вақтида белгиланади. Ундан кейин маҳсулот таннархини фақат ишлаб чиқариш, ташиш ва хизмат кўрсатиш ишлари қийматини бошқариш туфайлигина бошқариб туриш мумкин. Шу сабабли асосан лойиҳалаштириш босқичида бажариладиган “маҳсулот таннархини тушириш” вазифаси маҳсулотни ишлаб чиқариш бошланганига 2-3 йил тўлмасиданоқ, жараёнлар турғунлиги таъминлаб улгурилмасиданоқ талаб қилиниши истеъмолчи хақи учун таҳликали. Бу, масалан, маҳсулотнинг зангламайдиган пўлатдан қилинадиган бутловчиси материалини арзонроқ оддий пўлатга алмаштиришга ва бемалол харидор ҳақига ҳиёнат қилавериш муҳитини яратиши мумкин. Шу сабаб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини лойиҳалаш билан шуғулланмайдиган корхоналарга “маҳсулот таннархни тушириш” вазифасининг ўрнига “ишлаб чиқаришдаги 7 хил исрофнинг олдини олиш” вазифаси юкланиши мақсадга мувофиқ.

Европанинг илғор давлатлари, АҚШ, Япония, Хитой қонунчиликларидаги тўғри приоритетларни ушлашгани учун иқтисодан тараққий топишди. Биз эса, улар учраган ижтимоий муаммоларга йўлиқмаслик учун, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий тараққиёт пойдевори бўладиган қонунчиликни тиклашимиз керак. Қонунчиликда инсон, истеъмолчи, жамият ва бизнес ҳуқуқларининг изчил ҳимоя қилинмаганлиги иқтисоддаги хаосни, коррупция ва талончилик учун қулай муҳитни келтириб чиқаришига, бу эса ўз навбатида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатишга тўсқинлик бўлишига шубҳа йўқ. Қонунчилигимиздаги приоритетлар «инсон – харидор – жамият – бизнес - …» тартибида пухталаниши керак. Акс ҳолда ривожланиш бўйича бирорта стратегиянинг ишламаслик эҳтимоли юқори бўлиб қолаверади.


  1. Давлат хизмати ва бошқарувда миллий колорит ва соф ақида

Охирги 250 йилдаги давлат бошқаруви усуллари ҳақида МДҲ халқлари орасида машҳур бўлган сиёсатшунослар (Фикрат Шабанов, Саймон Ципис) шуни айтиб ўтишдики, ҳар қандай давлат формати этник, диний ва иқтисодий ҳамкорлик доктриналари асосида (ёки бўйича) тизимли ишлайди. Суриянинг охирги яқин 80 йиллик тарихи шуни кўрсатдики, унда этник ва диний доктрина бузилган эди, аҳолининг таҳминан 10% ини ташкил қилувчи алавийлар аҳолининг тахминан 80% ини ташкил қилувчи сунний ва бошқаларга раҳбар эди. Суриядаги Асад тизимига ўхшаган авторитар тизимлар коррупция ва зўравонликнинг ўчоқлари қилинди. Хозир бутун дунёда коррупция ва зўравонлик шундай илдиз отдики, у дунё иқтисодига урушларда кўрилгандан кўра кўпроқ зарарлар билан хавф соляпти. Хулоса шуки, давлат хизмати ва бошқарувида ақидавий ва миллий колорит, харом-ҳалол чегарасини риоя қилиш муҳим ўрин тутади экан. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз хизматига ва давлатимизнинг юқори лавозимларига номзод тайинлаш шаффоф ва симметрик бўлишини сўрайман. Бошқа давлат(лар)нинг фуқароси бўлганлар, ўз миллатини ўзбекка ўзгартирган ва буни очиқламаганлар, ўзига ўзбекларга ёки асл туркистон халқларига хос исм танлагандан кейин аҳли суннани қабул қилмаганлар, отаси ва онаси томонидан аждодларининг келиб чиқишини яширганлар, бошқа миллат ёки дин вакилларига ёлғон ишлатса бўлаверади деган ақидада турганлар, бошқа миллат ёки дин вакилларини ўлдирса ёки зўрласа ёки талон қилса бўлаверади деган ақидада турганлар, бошқа миллат ёки дин вакилларини молиявий ёки бошқа усуллар билан қул қилса бўлаверади деган ақидада турганлар умуман раҳбар номзодлигига яқинлаштирилмасин. Лавозимга номзод ҳисобланмиш бошқа дин ёки миллат вакили юртида ўзбеклар (асли бошқа миллат, лекин ўзбекларга ўхшаб исм қўйганлар бундан мустасно) қанчалик давлат хизматига олингани ва иқтисодиёт соҳалари бошқарувининг юқори лавозимларига тайинланганини, у юрт охирги 300 йил ичида Турон сарҳадидаги мамлакатларга ва ўзининг жорий қўшниларига қарши уруш ҳолатида бўлганлигини ёки уруш олиб борувчи гуруҳларни тузганлигини эътиборга олишни, буни давлат иродасида изҳор этишни ва тааллуқли қонун-қоидаларда акс эттиришни илтимос қиламан. Ўзбекдан кўра масъулиятлироқ ва тўғрироқ саналган миллат вакиллари ичида ўз вазифа ва жавобгарликларини бировларга юклаб юбориш, стандарт тавсия ва илғор тажрибани жараёнларга тадбиқ қилишдан қочиш, аниқ фактларни хиралаштириш, йўқ айбни ихтиро қилиш, қўполлик ва дискриминация билан иш юритиш ҳолатларига эса етарлича мисол топиш мумкин. Шу ўринда “Ўзбекда иймон бор, инсоф йўқ. Ғайридинда иймон йўқ, инсоф бор” маталини “Ўзбекда иймон бор, интизом йўқ. Ғайридинда иймон йўқ, интизом бор” деб талқин қилиниши зарур бўляпти. Чунки шахсни етилтиришда ёшликдан интизом тарбиясини бериш муҳим ўрин тутади.

Ўзбекнинг салкам 150 йил фитна, зулм ва талон остида бўлгани етмаганидай, баъзи мухолиф ёки мухолиф бўлмаган гуруҳлар суннат ва мазҳабларга қарши бош кўтаришган. Баъзилар 5 вақт намоз Қуръонда ёзилмаганлигини даъво қилишади, лекин намоз вақтлари меърожда очилганига эътибор беришмайди. Улар каломларни қироат билан ўқиш Довуд а.с. дан меърос эканига эътибор беришмайди. Улар ҳадислар Қуръонга амал қилишдаги энг яхши наъмуна битиклари эканини инкор қилишади. Улар кенг халқ орасида ишонч ва яратгандан мадад топишмади, топишмайди ҳам... Бошқарув ва ижрода миллий онг ва анъанавий ақидадан самарали фойдаланишга катта эҳтиёж бор. Ғарбликлар “сабр”нинг асл маъноси илм олиш, мусибат (йўқотиш) ларнинг олдини олиш, мусибат (йўқотиш) ларни бартараф қилишда ва илм олишда нолимаслик эканини биздан яхши билишади. “Problem solving”, “Decision making” бўйича беназир билим ва тажрибага эга бўлишди. Ғарбликлар “эҳсон”нинг асл маъноси шахснинг ўз диний ва дунёвий вазифаларига масъулият билан ва астойдил ёндашиши эканини яхши билишади. Шунинг учун дадил ташаббусларни тарғиб ва мухофаза қилишади. Ғарбликлар “садақа”нинг маъносини ҳам исломга айнан ва биздан кўра тиниқ тушунишади, ўзидан тажовузда устун лўлига пул беришни садақа деб тушунишмайди. Бизчи? Бизни то улар ривожланиб олишгунича “бўғиб” туришдими?.. Хуллас, бошқарув ва ижро фаолиятида миллий онг ва соф ақийдадан самарали фойдаланиш иқтисод ва бошқарувда учраётган масъулиятсизликка барҳам берадиган ягона ечимлигига эътибор берилиши керак.

Шу ўринда касбий фиқҳни билиш ҳам бошқарувда муҳим ўрин тутишига эътибор берилиши, у кенг ўргатилиши зарур. Фарғона канали изини, у пайтдаги картография чекловларига қарамай, бир қадамгача аниқликда, ўз касби фиқҳини билган мироблар отда юриб белгилаб беришган. Шунинг учун лойқа босмайди, ёнини емайди. Агар мутасадди ва сиёсатчиларнинг касбий фиқҳ бошқарув ва ижрода керак эмас деган қатъий фикри бўлса, уни Фарғона ва Андижон каналларини ҳар беш ёки ўн йилда лойқадан тозалаш харажатларини ҳисоблаш ва ўша миқдордаги пулни халққа бўлиб бериш орқали ҳимоя қилиши таҳсинли бўлади.

III. Миллий ва хос ахборот алмашинув муҳити: грамматик турғун ва юқори ахборот сиғимли тил

Тил – миллатнинг сўнгги истеҳкоми. Ери бўлмаган миллат тилини сақлагани туфайли тарқалиб, йўқ бўлиб кетмайди. Тилимиз хусусида қуйидаги фаразлар кўриб чиқилиши керак. Шўро даврида ўзбек тили билан исми-шарифи ўзбекча, лекин ўзлари бегона миллат бўлган олим ва олималар шуғулланишди. Тилнинг ахборот сиғими, енгил талаффузи, тарихий юридик ва сиёсий манбаъларга боғлиқлиги ҳамда кенг қўлланилиш маконига путур етди.

Шу билан ҳам бузиш ишлари тўхтамади. Фан ва техникага оид деярли ҳамма атама ва иборалар олимлар ёзган китобларда қолиб кетди, стандартлаштирилмади ва уларнинг қўлланилиш мажбурияти таъминланмади. Қўлёзмалар ўғирланди (шунчаки йўқолиб қолмайди, игна ёки гайка калити эмас). 2020-2022 да тил тўғрисидаги қонун сайёҳлик ва фуқаролик ишлари жараёнларидаги, ечимсиз қолиш еҳтимоли 0,000001% бўлган муаммоларни важ қилиб бўғилди. Тилимизга бўлган ҳужумнинг юқори чўққиси - “Ҳамса” асл нусхасинининг ўғирланиши бўлди. Туркийлар, айниқса ўзбеклар, ҳеч миллатнинг тарихи, тили, дини, ўзлигини бузишмаган эди. Асори атиқаларини тўзитишмаган эди. Лекин ўтакетган, одам боласидан кутилмайдиган зулмга учрашди. Келтирилган фаразларни эътиборга олиб, қуйидагилар амалга оширилиши керак:

1) охирги 150 йилдаги ўғирланган қўёзмалар бўйича ёпиб қўйилган жиноий ишлар қайта очилишини ва ўғирланган қўёзмалар халқаро қидирувга берилиши;

2) Ўзбек тили ва унинг тарихий манбаълари Ўзбекистон давлати ҳимоясида экани, керак бўлганда унинг ҳимояси ва равнақи бошқа туркий давлатлар билан амалга оширилиши мумкинлиги давлат иродасида изҳор этилишини ҳамда қонунчиликда белгилаб қўйилиши;

3) охирги 100 йилдаги тилимиз “ривожи” учун қилинган илмий ишлар қайта кўриб чиқилиши;

4) “ъ” белгисидан воз кечиш кўпгина сўзларнинг тарихий манбаълари араб тилидан бошқа тилга ўтиб қолиш хавфини яратиши ва тарихий ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишда қийинчилик уйғотмаслигини таҳлил қилиниши;

5) халқни сунъий саводсиз қилиш усулларининг олди олиниши. Аҳолини 2000 йилларгача “тоққа”, “боққа”, “ғарбга”, “шарққа” деб ёзишни ўргатишган. Энди “тоғга”, “боғга”, “шарқга” деб ёзишни ўргатишяпти. Нима асосда? Ҳар қандай ёзув қоидаси / топономия ўзгариши Туркистон туб аҳолисининг тарихий ҳуқуқига раҳна солишининг эҳтимоли юқори-ку?

6) стандарт иборалар ва атамалар пухталанмагани, тилнинг грамматик турғун эмаслиги туфайли битта хабар 3 та одамдан ўтгунича тубдан ўзгариб кетаётганини хавф деб билиб, тилнинг ахборот сиғими ва грамматик турғунлигини ошириш бўйича илмий ишлар кенгайтирилиши;

6) лотин алифбосида ажнабий сўзларни, айниқса рус тилидан кириб келган «ц» ҳарфи сўзларни, ёзиш мантиқи қайта кўриб чиқилиши. Чунки бир хил стандарт қўлланилмаган - баъзи сўзлар талаффузига кўра (цех = sех), баъзи сўзлар ёзилишига кўра (машина = машина, “мошина” емас) қабул қилинган. Шунинг учун ҳамма сўзлар асл манбаъ энциклопедик луғатига кўра эквивалент ҳарфар билан ёзилиши умум қоида сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқ;

7) мустақиллик ёки ҳеч бўлмаса лотин ёзувига ўтишдан олдин нимага рус тилидаги “цех” сўзининг уйғурчадаги “дўкон”, туркманчадаги “дукан”, қозоқчадаги “дүкен”, қирғизчадаги “дүкөн”, туркчадаги “мағаза”, татарчадаги “кибет”, албанчадаги “дyқан”, тожикчадаги “мағоза”, урдудаги “дукан” муқобиллари ўзбек тилига хам тадбиқ қилиб юборилмаганига аниқлик киритилиши;

8) сўзларнинг ёзилишини қомусларга қабул қилинишидан аввал, “25-кадр” эффекти ва сўзларнинг энг кенг тарқалган тиллардаги маъноси инсон онгига тўсиқсиз сизиб киришини эътиборга олиниши;

9) грамматик тартибларни тузишда бир-бирига уйғун бўлмаган шеваларга асосланмаслик;

10) ўзбек тилини ривожлантиришда, атама ва луғат тузиш, тилни ривожлантириш ва бошқариш бўйича халқаро стандарт тажрибалардан фойдаланиш (Атама ясаш, луғат тузиш ва равон тил тадбиқи бўйича халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади. Мавжуд атамалар заҳираси ва тилни ривожлантириш ва бошқариш бўйича халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади);

11) Атама ва луғат тузиш, тилни ривожлантириш ва бошқариш тартиб қоидалари ҳақидаги халқаро стандартларни лойиҳа асосида, тааллуқли институт ва олий таълим муассасаларини жалб қилган ва уларга хар томонлама стимул берган ҳолда таржима қилиш. (Ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишдан аввал режалаштириш, стандартлаштириш, тизимлаштириш, ҳужжатлаштириш, молиялаштириш каби ишлар илмий-изланиш вазифалари сирасига киргани учун, уларга R&D фондларидан маблағ ажратиш тажрибаси борлигига ҳам эътибор бериш);

12) Атама, луғат ва тил тартиб қоидаларини тузиш ҳақидаги халқаро стандарт тавсиялар билан туркий луғатларни тузишдаги Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий ва бошқа мумтоз алломаларнинг тажриба ва тавсияларини солиштириш ва у асосда миллий стандарт ва тартиблар яратиш;

13) 2026 йил охиригача саноат ва бошқарувга оид атама ва иборалар ҳақидаги халқаро стандартларни лойиҳа асосида, тааллуқли соҳаларга оид олий таълим муассасаларини жалб қилган ва уларга хар томонлама стимул берган ҳолда таржима қилиш (Бошқарув ва саноатда қабул қилинган атама ва иборалар ҳақидаги халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади). Нимага керак бу? Бу чет тилидаги техник ҳужжатларни ҳеч бўлмаса тергов-суд жараёни учун етарли савияда таржима қилишга ёрдам беради. Ҳаётдаги ҳолат шуки, таржима қилиш учун ИСО техник регламент стандартларидан бирортасини таржима агентликларига берилса, стандарт терминологияга эмас, умумий луғатга асосланиб қилинган, “3” баҳога ҳам арзимайдиган ҳужжат қилиб беришади...;

14) тил лойиҳаларига келиб чиқиши асл туркистонлик бўлмаган, аждодлари ёки мансуб миллатлари Туркистонни чор ва совет даврида маҳв қилинишида жонбозлик кўрсатган ҳамда ўзбек тилини бузишга ҳисса қўшганларни яқинлаштирмаслик, гарчи улар туркий тиллар бўйича бир неча марта олим бўлишган бўлса ҳам.

IV. Технологик ривожланган жамият учун интизомли, соғлом, билимли, ғайратли ва маърифатли ходимларни тайёрлайдиган узлуксиз мактабгача, ўрта ва олий таълим

Таълим тизимини давлат ва миллат хавфсизлигидан айро тушунишга бир сония хам рози бўлмаслигимиз керак. Халқнинг саводи ва салоҳиятига бепарво бўлган, унга молиявий тўсиқ қўйишни таклиф қилган, яқин 3 миллион аҳолиси меҳнат муҳожирларидан иборат, деярли 70 фоизи кам таъминланган оилалардан ташкил топган халқ савод-савиясини бепул ва ўта сифатли қилиш пайидан бўлмаган мутасаддиларни миллат учун хавф деб қабул қилиниши ҳамда ҳукуматнинг таълимга масъул бўғинлари учун қуйидаги самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) белгиланиши керак:

1) 99% фоиз мактаб битирувчилари ўз ота тилларида, 80% битирувчи 2 та тилда, 60% битирувчи 3 та тилда бехато ёза олиши;

2) камида 90% битирувчи тўғри нуқтаи назарда бўла олиши, нутқи равонлиги, мулоқот, мунозара, баҳс олиб бориш ижтимоий кўникмаларига қониқарли, яхши ва аъло даражаларда эга бўлиши (бу ҳақида президентнинг 2023 Янги Йил мурожаатида ҳам эслатилган);

3) математика, физика, химия, биология ва бошқа фанлар бўйича ҳам камида 30% битирувчи ўрта, 30% % битирувчи яхши ва 40% битирувчи аъло натижага эришиши;

4) жисмоний тайёргарлик, имкон қадар, 20% бола “ГТО 3, 45% бола ГТО 2, ва 30% бола ГТО 1 ни ёки у сингари жисмоний тайёргарлик нормативларини топшира олиши. Бунга давлатнинг мудофаа салоҳиятига ҳам бевосита боғлиқ нарса;

5) камида 30% битирувчи араб имлосига асосланган туркий ёзувларни ўқийдиган ва ёзадиган бўлиши. Чунки бу тарихий ҳуқуқимизни ўрганиш, суриштириш ва ҳимоя қилиш учун керак бўлади;

6) миллий ғурур, хавфсизлик, бағрикенглик ва ватандошлик ҳиссини ўқувчиларнинг онгига сингдириб қўйиш учун неча минг йиллик туркийларнинг давлатчилик қоидалари, туркнинг 33 тўрасини 12 ёшгача ёдлатилиши. Оллоҳ туркийларга адолатли давлат юритиш тартибларини билдирди. Туркийлар у тартибларни тошларга ёзишди, амалда ҳатто қадимги Рим ҳудудларига етказишди. Кейинчалик адолатли давлатлар учун шахсни тарбиялаш воситаси қилиб башариятга Ислом берилди. Тушунча ва амалларда фитна ва зиддиятлар чиқмаслиги учун аҳли сунна уламолари у билимларни мазҳаб (стандарт) лаштиришди. Қайси давлат шу неъматларни тушунса, қадрласа ва тадбиқ қилса, юксалишига шубҳа йўқ... Аксинча, адолат ва тарбияни бир ёқлама юритган, фақат “сара миллат”лар манфаати ва қул қилишнинг молиявий усулларини илгари сурган “дунёвий жамият” иқтисоди уруш ва талонсиз кун кўра олмаётгани, маънан Ғазода таназзулга учрагани, энди эса бутун башарият учун бефойда ёки зулмлиги ойдек равшан бўлиб қолди;

7) Хазрат Алишер Навоий ва бошқа мумтоз алломаларимизнинг асарларининг қуръон ва ҳадисга боғлаб ўргатилиши. Чунки шундай қилинмаса, болага овқатнинг суратини кўрсатиб, қорнини тўйғазишга уринишга ўхшаб қоляпти менимча. (Шу ўринда айтишим керакки, "Ҳамса"ни ўғирлаганлар ўз харом ишларини "ҳалол" бажаришди. Аввал миллатни у асарни ўқий олмайдиган қилишди. Кейин миллат "фойдаланмаётган" меъросни олиб кетишди. Оллоҳ сақласин ва у ўғирланган ёдгорликларга фақат туркий аҳли суннани меъросхўр қилсин.)

8) ўқитувчиларнинг хафтасига 40 соатлик иш куни десак, неча % вақти дарс беришга, вазифа текширишга, дарсга тайёрланишга ва бошқа шу билан боғлиқ ишларга сарфланишининг меъёрлаштирилиши;

9) битта ўқитувчига, фанига караб, нечта ўқувчи тўғри келиши аниқ ва рақобатбардош эканлиги;

10) битта синф 25 тадан ортиқ ўқувчига мўлжалланмаганлиги;

11) мактабларнинг бир сменали бўлиши, уларнинг иш режимлари ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт билан уйғунлаштирилганлиги. Фарзандларимиз соат 07:30 дан 16:00 гача дарс ва бир маҳал 1500 ккал овқат берадиган, ўқувчиларнинг қўшимча репетитор ва секцияларга эҳтиёжини қолдирмайдиган - хаммаси таълим ва тарбия дастурига киритилган шароитларга эга бўлиши. Ишлаётган ота-оналар фарзандларининг назоратсиз вақти йўқотилиши. Мен буни Япония таълим жараёни мисолида, 06.11.2018 санадаги 121694-с/18 сонли мурожаатимда келтирган эдим (қисқача: https://kun.uz/kr/124521?q=%2Fuz%2F124521 ; https://idea.uzedu.uz/uploads/files/_To9pNAu04Yunvad.pdf) ;

12) давлат тасарруфидаги мактаблар сонининг нисбати юқорилиги. Давлат ўзининг келажагини халқи фарзандларинининг савияси ва салоҳиятидан айро кўрмаслиги – буюк мантиқ. Шу асосда мактабларнинг қурилишида давлат хусусий шерик қидирмаслиги мақсадга мувофиқ. Бир вақтлар 2 қават қилиб қурилган мактаб биноларига яна қаватлар қўшишни хавфсиз ечим деб бўлмайди;

13) болаларни 3 ёшидан бошлаб хавфсизлик ва жамият интизомларига ўргатилиши. Миллатимиз болаликдан интизомга тарбияланмайди, кейин мактаб дастури буни давом эттиради. Натижада у йўл қоидаси ёки технологик талабларни бемалол бузаверадиган, навбатда туриш ёки бошқа ижтимоий интизомларга риоя қилмасликни шараф деб биладиган икки оёқли хавфга айланади. Aгар мансабга минса, бу хавф геометрик прогрессияда кучаяди. Кейин Медведевга ўхшаган сиёсатчиларга худо беради ва “биз бормасак Ўрта Осиёда тартиб бўлмайди”, - деб жар сола бошлайди. Шунинг учун боғча ва мактабларда тарбияланувчи ва кичик синф ўқувчиларини интизомли харидор, пиёда ёки бошқа жараён қатнашчиси бўлишга тарбиялаш, катта синф ўқувчиларини ҳайдовчиликка ўқитиб, мактабни битираётган вақтларида ҳайдовчилик гувоҳномалари билан чиқариш йўлга қўйилиши керак. Билим, кўникма ва интизомнинг ёшликда ўргатилгани одамга сингади. Кейин ўргатилгани кутилган самарани бермайди. (Хозирги ҳолатни шундай баҳолаш мумкинки, ИИВ ва тааллуқли ҳукумат мутасаддилари йўл ҳаракати қоидалари бузилишидан тушган жарималарга, интизомдан ёки дин-ахлоқдан тарбия кўрмагани сабаб кўпайиши мумкин бўлган тартиббузар қатламни бошқариш учун шахсий таркиб ва лавозимларнинг кенгайтирилишига қараб қолишганга ўхшайди. Бошқа гумонга бориш қийин. Акс ҳолда кўплаб ватандошларимизнинг ЙТХ лар оқибатида майиб-мажруҳ ёки ҳалок бўлиб кетишлари, мулкларига етаётган зарар уларни сергаклантирган бўлар эди);

V. Илмий баҳолаш ва қарор бериш, Статистика стандартлари

Фаолиятни илмий баҳолаш, статистика бўйича халқаро стандартларнинг тадбиқ қилиниши фактларга асосланган қарорларни қабул қилишда қўл келади, “авторитар тузум”, “авторитар иқтисодиёт” деган эътирозни йўққа чиқаришга катта ҳисса қўшади. Шунинг учун жараёнларнинг статистик бошқарувига оид халқаро стандартларни (Жараёнларнинг статистик бошқаруви ҳақидаги халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади) лойиҳа асосида, тааллуқли оид олий таълим муассасаларини жалб қилган ва уларга хар томонлама стимул берган ҳолда таржима қилиниши ва тадбиқ учун берилиши мақсадга мувофиқ.

VI. Жараёнларнинг шаффоф ва изчил бошқаруви

Тушунишимча, хар йили стандартлаштириш агентлигидан корхоналарга қайси хорижий стандартларни тадбиқ қилиш режаси борлигини сўраб мурожаат йўлланади. У мурожаат оддий муҳандисларга тушурилади. Оддий муҳандислар ўзларининг салоҳият даражасида таржима қилиб ишлатишаётган маҳсулот стандартларининг рўйхатини беришади... Иқтисодиётни қўллаб қувватлаш ҳамда шаффоф ва изчил бошқарувни стандартлаштириш бўйича давлатимизнинг стратегияси йўқ. Стандартлаштириш институти ўта катта иш олдида ўз ҳолига мададсиз ташланганга ўхшайди. Сифат бошқаруви, сифат бошқаруви тизими бўйича халқаро стандартларни лойиҳа асосида, тааллуқли олий таълим муассасаларини жалб қилган ва уларга хар томонлама стимул берган ҳолда, таржима қилиш мақсадга мувофиқ (Сифат бошқаруви, сифат бошқаруви тизими бўйича халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади). Фақат ИСО 9001:2015 стандартининг ўзбекчага ўгирилиши етарли эмас. Бунинг устига у жонли тилда таржима қилинмаган. “Competence” сўзи “лаёқатлилик” деб таржима қилинган, “лаёқат” деб эмас. (“competency” ни “лойиқлик” деб таржима қилса бўлар эди.) Нимага? Нима учун iso.org да 199,00 франк турадиган ИСО 9004 стандарти 2500000 сўм нархда ўзбекчага таржима қилинмай таклиф қилиняпти? Ким олади уни? Савол кўп...

Ходимлар бошқаруви, саноатдаги ва муниципал бошқарувлар бўйича халқаро стандартларни ҳам худди шу йўсинда таржима қилиб, давлат бошқарув органлари ва иқтисодиёт субъектлари улардан фойдаланишлари учун, маҳаллий имкониятлар чегарасида тасаввурга сиғадиган нарх билан ўзбек тилида тақдим қилишни долзарб масала. (Ходимлар бошқаруви ва инсон ресурслари бўйича халқаро стандартлар рўйхати, Саноат бошқаруви бўйича халқаро стандартлар рўйхати, Муниципал бошқарув бўйича халқаро стандартлар рўйхати эксел файлда илова қилинади.)

VII. Музокаралардаги устунлик таъминоти. Интеллектуал, технологик, ҳарбий, ташқи ва ички сиёсий салоҳиятларни ривожлантириш

Аксар давлатларда бошқарув ғирт тентак ва масъулиятсизлар қўлида эканига Ғазо шубҳа қолдирмади. Улар фақат кучни тан олишяпти. Ҳақ талаби, экспорт ва четда юрган ватандошлар ҳимояси учун ҳарбий, фавқулъодда ва махсус салоҳиятларни юксалтириш керак. Профессонал армия ўз йўлига. Юрт эркакларининг камида 80% ини ҳарбий интизом ва кўникмаларга эга қилишни долзарб масалалар қаторига қўйилиши зарур. Қўшимчасига, фавқулъодда вазиятларни бартараф қилиш бўйича ўзбеклар Осиёда пешқадам бўлишлари ҳам керак. Ташқи савдо, ҳатто ватандошларимизнинг юклари ёки ўзлари Қозоғистондан тажовузсиз ўта олиши, РФ ёки Афғонда таланмаслиги шу салоҳиятларнинг юқори бўлишига узвий боғлиқ.

Давлат бошқаруви ва иқтисодиёт соҳалари интеллектуал ва технологик салоҳиятнинг жиддий мухофазасига ҳам муҳтож. Буни (ўзининг аксарият аҳолисига репрессив бўлган РФ ёки ХХР дан ташқари) ривожланган давлатлар тажрибасига мувофиқ кўриб чиқилиши ва тадбиқ этилиши мақсадга мувофиқ.

Музокараларда устунлик йўқлигининг энг оддий мисоли шуки, ўзбекнинг қабри 40 йилга етиб-етмай бузилади, рус ёки яҳудийнинг қабри 100 йиллаб туради. Бу ҳуқуқ ҳам ҳаммага тенг бўлиши керак. Агар бошқа миллат вакиллари рози бўлишмаса, тарихий ватанларига олиб кетишлари мумкин аждодлари устухонларини.


Иловалар.

  1. Атама ясаш, луғат тузиш ва равон тил тадбиқи бўйича халқаро стандартлар рўйхати.

  2. Мавжуд атамалар заҳираси ва тилни ривожлантириш ва бошқариш бўйича халваро стандартлар рўйхати.

  3. Бошқарув ва саноатда қабул қилинган атама ва иборалар ҳақидаги халқаро стандартлар рўйхати

  4. Жараёнларнинг статистик бошқаруви ҳақидаги халқаро стандартлар рўйхати

  5. Сифат бошқаруви, сифат бошқаруви тизими бўйича халқаро стандартлар рўйхати

  6. Ходимлар бошқаруви ва инсон ресурслари бўйича халқаро стандартлар рўйхати

  7. Саноат бошқаруви бўйича халқаро стандартлар рўйхати

  8. Муниципал бошқарув бўйича халқаро стандартлар рўйхати

  9. Инновацион бошқарув бўйича халқаро стандартлар рўйхати

  10. Қолипсозлик бўйича халқаро стандартлар рўйхати



Миллий қадр

Фахридин Усмонов

Андижон вилояти

17.02.2026

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Миллий қадр Фахридин Усмонов

Iqtisodiy inqirozni oldini olishga takliflar kiritilmoqda. Faxriddin Usmanov ancha yillardan beri Xokimiyatga takliflar kiritdi. Vaziyatning...