воскресенье, 3 декабря 2023 г.

Амир Олимхон ислоҳотлари ҳақида илмий мақола.

Амир Олимхон ислоҳотлари ҳақида илмий мақола. 


Вақф пулларига мактаблар қуриб, бепул таълим ва муаллимларга илк бор йиллик маош беришни жорий этган. Амир Олимхоннинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари

Ҳар бир давлат ҳукумати халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиётига эришиш учун илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бунинг учун доимий равишда таълим тизимини ислоҳ қилиб, замон талабларига жавоб бера оладиган кадрларни тайёрлашга ҳаракат қилади.  ХХ аср бошларида Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори Олимхон (1910–1920) ҳам таълим соҳасида ислоҳотлар ўтказиб, маориф тизимида қатор ўзгаришларни жорий қилди.

ХХ аср бошларида дунёда содир бўлаётган техникавий янгиликлар ва илм-фаннинг жадаллик билан ривожланиб бориши янги ҳукмдорни бефарқ қолдирмади. У жамиятнинг барча соҳаларида, жумладан, таълим тизимида ҳам қатор ислоҳотларни амалга оширди. Мактаб ва мадрасалар фаолиятини такомиллаштиришни давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу ишга қўшбеги (бош вазир) ва қозикалон (олий қози)ни масъул қилиб қўйди.

Амир Олимхон 1911 йил март ойида “Таълим тўғрисида” фармон чиқарди. Унга кўра, мадраса талабаларига турли ҳошиялар ўқитилмаслиги, тафсир ва ҳадис расмий дарс сифатида ўқитилиши; давлат хазинасига олинган вақфлардан йиғилган пулларга шаҳарнинг турли ерларида мактаблар қуриш ҳамда уларга муаллимлар тайинлаш; мактаб муаллими олим, ҳушхат ва хушқироат бўлиши; уларга мактабларнинг вақфларидан ташқари давлат хазинасидан йиллик 120 танга маош тайинлаш; таҳсил учун болалардан пул олмаслик; мактабларга бир нозир тайинлаш ва у ҳар ой мактабни тафтиш қилиб, амирга ҳисобот бериши белгилаб қўйилган эди.

Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 1911 йил апрель ойи бошида Бухоро шаҳридаги барча мактаблар муаллимлари Регистонга чақирилиб, қўшбеги томонидан ҳар бир муаллимга 15 тангадан маош берилган. Ойлик тарқатилгач, Насрулло қўшбеги муаллимларга қарата қуйидаги мазмунда нутқ сўзлайди: “Муаллим афандилар, ватанимизнинг ёш болаларининг таълим-тарбиясиға кўб ортиқча диққат этингизлар. Уларни ҳеч вақт урмангиз. Ўқимоққа тарғиб ва ташвиқ учун уларни доимо мактабга муҳаббат этмоғига саъй қилингиз. Бир соат ўқитиб, бир неча дақиқа танаффус этдирингиз. Бирдан 3-4 соат ўқитуб уларнинг бошларин қотирмангиз. Зероки, бул тариқа қилсангиз, уларда ўқимоқға ҳеч рағбат бўлмай, мактабдан чиқмоқға шошиб турсалар керак. Агар уларға мактабни яхши кўргузмакни хоҳласангиз, мактабға келмоқға ўзлари шошиб турадурлар. Ҳар ўқитган сабоқни енгиллик ила англатиб ўқитингиз. Бола ўқуган сабоқни билиб турса ва бир оз фойдасини фаҳмлаб сабоқни ўқимоқға шавқлик бўладур. Агар биринчи соат қичқуруб-қичқуруб, ҳеч бир нарса англамаса, ўқимоқдан безор бўлур. Мана шул тариқа яхши ўқитсангиз, йилнинг охирида шогирд болаларда таҳсил самараси кўринса, ул вақтда сизлар ҳам моддий ва маънавий мукофотға етсангиз керак”.

Шунингдек, амир мамлакатнинг барча бекликларида мактабларни назорат қилиш ва моддий рағбатлантириш учун вилоят ҳокимларини масъул қилиб қўйди.

Амир Олимхон мадраса таълим тизимида ҳам ўзгаришлар қилишга киришади. Унинг буйруғига кўра, 1913 йилда Бухоро шаҳрида янги мадраса қурилади. Мадрасанинг кириш дарвозаси юқори қисмида қуйидаги  жумлалар ёзилган бўлиб, ҳозиргача сақланиб қолган:

“Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, Жаҳонни яратган парвардигорнинг лутфи карамидан фиқҳ, тафсир ва ҳадис каби фанлар киритиладиган бу беназир макон (жой)ни барпо этиш, жаҳон султонининг амри билан ниҳоясига етди.

Хаёл кўзгусининг яратилиши, яъни қурилиш санасини охирги жумладан изланг.

Бу билим даргоҳини бино қилувчи адолатли шоҳ (амир) Саййид Олимхондир”.

Мадрасанинг бош мударриси этиб тошкентлик Холмурод афанди тайинланган, мударрис Садриддин махдум ҳисоб, ҳандаса, фароиз, мударрис Ибодулла Махдум фатво фанларидан дарс ўтган. Шунингдек, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усули фиқҳ, ҳисоб, тажвид, тарих фанларидан ҳам таълим бериш белгилаб қўйилган.

Мадрасанинг низомномасида бу ўқув муассасасида таҳсил олаётган ўқувчининг иккинчи мадрасада ўқиши тақиқланиб, ҳар йили таҳсилнинг охирида талабаларни имтиҳон қилиш қатъий белгилаб қўйилган. Мадраса ташкил этилган вақтда унда фақат бухороликларнинг таълим олишига рухсат берилган бўлиб, кейинчалик четдан келган ўқувчилар ҳам қабул қилинган (“Вақт” журналига Бухородан келган бир мактубда 1915-1916 ўқув йилида татаристонлик Исҳоқ Сайфиддин мадрасага таҳсил олиш учун қабул қилинганлиги қайд этилган).

Амир Олимхон бу мадрасани ташкил этиш ҳақида қўшбеги номига буйруқ чиқарганида консерватив қарашдаги мулла Қамариддиннинг таъсири остидаги бир неча муфти ва беклар мадрасанинг ташкил этилишига қаршилик қиладилар. Улар мадрасада дунёвий фанларнинг ўқитилишига кенг ўрин ажратилганидан норози бўлиб, бу масалада Бурҳониддин қозикалонга мурожаат қилишган. Қозикалон бу ишнинг бошида шахсан амирнинг ўзи турганини айтиб, уларнинг норозилигига чек қўйган.

Амир Олимхоннинг мадраса таълим тизимига оид ислоҳотлари ҳақида кейинчалик Фитрат қуйидагиларни ёзади: “Миллатимизни кишанлаб, ортга тортаётган, беэътиборлик, хорлик томир-томирига сингиб кетаётгани, буларнинг барчаси беилмлигимиздан эканлигини минглаб далил ва исбот билан айтдик. Бу беилмлигимиз ўз навбатида мадраса ва мактабларимиздаги дарс усулларининг бузилиши, беинтизомликни келтирмоқда. Қўлимиздан келганча йўл-йўриқ кўрсатдикки, бундан буён ҳозирги ижтимоий қонунлар, замон тақозосича мактаб ва мадрасаларимизни ислоҳ қилмас эканмиз, ҳаёт муҳофазаси, миллият шарафимиздан ожиз қоламиз. Камоли шукр айтиш билан шуни иқрор қилурмизки, бу барча холисона фарёд кўтаришларимиз тамоман бетаъсир кетмади.

...Шу кунларда жаноби олий шикоятларимизнинг бошқа бир қисмини назари эътиборга олиб, Бухоро мадрасалари ислоҳи учун лозим бўлган дастлабки қадамни лутфан қўйдилар. Шу тариқаки, лозим илмлар тадриси учун янги бир мадраса бино қилдилар... Бундан буён Бухорога иқтидо қилиб, ўз мадрасаларини ислоҳ ниятидалар. Бугунги кунгача биз диний илмларни ҳосил қилмоқ учун узоқ шаҳарларга сафар қилган бўлсак, энди ўз ватанимизда ўқийдиган бўлдик. Бинобарин, бу инъом жаноби олийларининг диндорона инъомларини қалб самимияти билан муборакбод этамиз”.

Амир Олимхоннинг буйруғига кўра, 1913 йил сентябрь ойининг бошида Бухоро шаҳрида янги типдаги 3 бўлимли: ёзиш, ҳисоб хонаси ва қироатхонадан иборат мактаб биносининг қурилиши бошланиб, унга биринчи ғиштни қозикалоннинг ўзи қўйган. Ўша йилнинг октябрида Насрулло қўшбеги ва Бурҳониддин қозикалон барча мадраса мударрисларининг фаолиятини ўрганиб, ахлоқий жиҳатдан етук ва билимли мударрисларни мадрасаларда таҳсил беришга лойиқ деб топганлар ва нолойиқларини ишдан четлаштирганлар.

1913 йилдан бошлаб, Туркияда таҳсил олиб қайтган Усмон Хўжа, Отаулла Хўжа, Абдурауф Фитрат, Ҳамиджон Меҳрий ва бошқалар Бухоро амирлиги ҳудудида жадид мактаблари оча бошлайдилар. Дунёвий билимлар беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бундай мактаблар тез орада халқ орасида шуҳрат қозонади. Аммо анъанавий мактаблар фаолияти тарафдори бўлган уламолар янги усул мактабларига қарши чиқадилар. Бунинг учун амир Олимхоннинг шикоятларни қабул қилиш кунидан устамонлик билан фойдаланадилар.

Бухоро амири Саййид Олимхон ҳукмронлигининг дастлабки кунлариданоқ халқнинг шикоятлари ва таклифларидан хабардор бўлиб бориш мақсадида Аркнинг кириш дарвозаси ёнида шикоятлар қутиси ташкил қилган эди. Аммо бу етарлича натижа бермагач, ҳар жума куни Масжиди Калонга жума намозини ўқишга бориш ҳамда қайтиш пайтида халқнинг арзлари ёзилган хатларни шахсан қабул қилган. Хатларни бирма-бир кўриб чиқиб, унинг ижросини таъминлашни тегишли амалдорларга йўналтирган. Янги усулдаги мактабларни ёпишни сўраб ёзилган ариза ҳам шулардан бири эди. Амир Олимхон хатни кўриб чиқиб, Насрулло қўшбегига Бухоро шаҳрида очилган 3 та жадид мактабини вақтинчалик ёпиб қўйишга буйруқ беради. Бу мактабларнинг ёпиб қўйилишидан халқ норози бўлади. Шунда амир: “Боғланиш мактабларининг муаллимлариға ва буларда ўқийтурған болаларнинг ота-оналариға эълон этилсунки, мактабларнинг боғланганлигиға ҳазин бўлмасинлар! Мен аввал мактабларни ҳукуматдан рухсатсиз ҳолда ишлагани учун вақтинча ёпдурдим. Тездан Бухорода янги мактабларни очдирмоғлигимга амин бўлсунлар!” деб, қўшбегига бу гапини халққа етказишини амр қилади.

Аммо амир янги усулдаги мактабларни очишга расман буйруқ бермаса-да, тез орада Бухоро амирлигида бундай мактаблар сони 45 тага етади.

Амир Олимхон давлат раҳбари сифатида таълим тизимига алоҳида эътибор қаратиб, мактаб ва мадрасалар ўқув дастурларига дунёвий фанларни киритишни шарт қилиб қўйган. Таълим тизимини давлат хазинаси ҳисобидан молиялаштириб, муаллимларга маош беришни жорий қилган. Янги мактаб ва олий таълим берувчи мадраса очдириб, уларнинг фаолиятини шахсан ўзи назорат қилган. У Европа ва Осиёнинг ривожланган давлатларидан мамлакат ҳудудига кириб келаётган таълим тизимига оид ўзгаришларга ижобий муносабатда бўлиб, дунёвий фанларнинг ўқитилишига қаршилик қилмаган. Ҳар бир давлат ҳукмдори каби Амир Олимхон ҳам қўл остидаги мамлакатнинг таназзулидан эмас, тараққиётидан манфаатдор бўлган.

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ЎзФА Тарих институти докторанти

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Россия мустамлакачилигининг тарихдан ҳозирги кунгача бўлган тарихий илдизлари "русизм" Yucel Tanay.

Россия мустамлакачилигининг тарихдан ҳозирги кунгача бўлган тарихий илдизлари "русизм" Yucel Tanay. Россия экспансияси тарихига на...