воскресенье, 5 декабря 2021 г.

Боймирза Ҳайитни: “Туркистон Русия билан Чин орасида”


Боймирза Ҳайитни:
“Туркистон Русия билан Чин орасида” китобидан
Ўрусия билан Туркистон ўртасидаги қирқ икки йиллик
уруш (1853—1895)
Ўрусия билан Қўқон хонлиги орасидаги уруш
Овруподаги уруш(Қирим уруши) ва 1834 йилдан 1859 йилга қадар Кавказда имом Шомилнинг олиб борган жасоратли жанглари ва яна ҳуррият,имон учун Доғистон(черкаслар) даги давомли қўзғолонга Русия қўшинлари жалб этилганлиги ўрусларнинг Туркистоннинг ичкарисига жадал қиришига бирмунча халақит берди
Ўрусия мудофаа ва ички ишлар вазирликлари вақтинча ҳозирлик кўриш чоралари билан қаноатланишга мажбур бўлди.Ўрусиядаги урушқоқ доиралар Туркистон ишғоли билан боғлиқ режалар устида қизғин тортишувлар олиб боришар ва фурсати булса овоза қилмай бир зафар қозониш иштиёқида эдилар.1856 йилда ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бюроси мудирлигига Егор Петрович Ковалевский келтирилди(12. Ўрус жуғрофия жамиятининг бошчиси П.П. Семёнов(Семёнов-Тяншанский)нинг Туркистон борасидаги илмий ишлари амалий ҳаракатлар учун қўл келди(13.
Ўрусия 1851 йилда Хитой билан тузган шартномасига кўра Хитойда савдо ишларини кенг йўлга қўйиш,Ғулжа ва Тарбағатайда консулликлар очиш ҳуқуқини қўлга киритди.Сўнгроқ ,1852 йилда ,генерал И.Ф. Бабков Или атрофини тўлиқ ишғол қилиш таклифини ўртага ташлади.Чунки 1852 йилги Ғулжа шартномаси”Ўрта Осиёнинг ичкариларига қадар илгарилашга имкон берарди”(14. Бу таклиф ва режалар орқага сурилган бўлса-да,рад этилмади.Княз А.И.Барятинский-Кавказ бошвалийси-1856 йил июлида подшо 11 Александрга Ҳазар денгизи билан Орол кўли оралиғида Уст Юртдан ўтадиган темир йўл қуришни таклиф этади.Ҳолбуки,Москав билан Петербург орасидаги илк темирйўл фақат 1851 йилдагина ишга тушган эди.Барятинский қурилажак бу темирйўл Ўрусиянинг савдо ишларини ва Марказий Осиёдаги сиёсий нуфузини оширишига ишонарди.Бу таклиф 1857 йил 27 январида ҳукуматнинг(ташқи ишлар вазирлиги,ҳарбий ва молия вазирликлари) фавқулодда бир йиғилишида муҳокама қилинди.Ташқи ишлар вазири Горчаков инглизлар аралашуви эҳтимолидан келиб чиқиб,Ҳазар денгизининг шарқи билан боғлиқ мавзуда бирон бир қарор қабул қилишда эҳтиёт бўлишга эътиборни тортди. Оренбург бошвалиси Перовский эса қозоқ туркларининг ўрусларга душман қисми қўзғалиши мумкин деб,темирйўл қурилишига розилик бермади. Шунинг учун ҳам бу режа чуқур таҳлил қилиниб,қабул қилинган қарорлардан мамнун бўлишди.Барятинский ушбу йўналишда фаолиятини давом эттириб,1858 йил 16 февралида ҳукуматдан фаол “Шарқ сиёсатига киришишларини” талаб этди.Бу Ўрусиянинг Шарқдаги сиёсатига ҳалокатли таъсир этибгина қолмай,Ўрусия империясининг сиёсий мустақиллигига ҳам кучли бир зарба бўларди. Шунинг учун ҳам подшо аскарий вазирликка “Ўрусия билан инглизлар ўртасида Ўрта Осиёда тўқнашувлар эҳтимоли ҳақида” ахборот тайёрлаш фармонини берди.Бу ахборотда эса Ҳиндистонни ишғол қилиш ниятидан воз кечиш,бироқ Туркистонни босиб олишни тезлаштириш лозимлиги уқтирилади.Бинобарин,ташқи ишлар,молия вазирликлари Ўрусиянинг сиёсий ва иқтисодий нуфузини ошириш ва Шарқ давлатлари билан бевосита мол айирбошлаш йўлларини излай бошладилар.Айнан ушбу фаолият(яъни тижорат-муаллиф) ўрус империяси ҳокимиятининг Ўрта Осиёга тўғридан тўғри суқилиб киришига замин ҳозирлади(15.
Айтилган тадориклардан ташқари ўрус ҳукумати Туркистонга илмий ва дипломатик ҳайъатлар жўнатиб турарди.1858-59 йилларда Н.В. Хаников(16. бошчилигидаги бир ҳайъат Хуросонда фаолият кўрсатди.Жуғрофлар,этнографлар,геологлар,зоологлар,тарихчи ва шарқшунослардан ташкил топган бу ҳайъатнинг мақсади аниқ эди.Булар юқорида зикр этилган мақсадларни амалга ошириш учун замин ҳозирлаши—“Шарқий Эрон,Афғонистон ва хусусан Ҳирот ҳақида кенг маълумот тўплаши даркор эди. Хулласи калом ,ҳайъатнинг бутун фаолиятининг ғояси юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун замин ҳозирлашга –Ўрусиянинг Марказий Осиёда ҳукмрон бўлишига замин тайёрлашга қаратилган эди.(17. 1858 йил 15 майдан 1859 йил декабрига қадар Хива ва Бухорога юборилган Игнатев бошчилигидаги ҳайъатга алоҳида аҳамият берилди. Бу ҳайъатда 83 субай(офицер),дипломатлар,шарқшунослар ва бошқа касбдаги кишилар қатнашди.Игнатевга берилган топшириқлар қуйидагилардан иборат эди: Ўрта Осиёнинг ҳозирги умумий ҳолати ҳақида маълумот тўплаш; Хива ва Бухоро ҳукуматларига таъсир ўтказиш,Хива ва Бухорода инглиз нуфузини бартараф этиш чораларини топиш.Бу “дипломатик” ҳайъат ўрус кемаларининг Амударёда қатновини таъмин этишга уриниб кўриши ҳам лозим эди.Ўрусиянинг ҳарбий вазирлиги юборилган дипломатик,сиёсий ва ҳарбий хабарлар мажмуаси билан яқиндан хабардор бўлганлиги аёндир.Шунинг учун Игнатев Бухоронинг Қўқонга қарши уруш очишга кўндириши ҳамда бунга эришган тақдирда Бухоро амирига Ўрусиянинг ҳимоясини ваъда қилиши керак эди.”Бундай ҳолда Бухоро Тошкентни ҳам босиб олади “ деган андиша билан ташқи ишлар вазирлиги бу фикрни рад этди. Бунинг ўрнига ҳарбий вазирлик Қўқон хонлиги билан Ўрусия урушида Бухоро амирлигининг ,жуда бўлмаганда,бетараф қолишининг таъминланишини талаб қилди.Бу ҳайъат Хива хонига совға келтириб,эвазига Амударё бўйлаб кемада юриш изнини олади.Игнатевнинг ёнида Оренбург валиси Катенининг Қўнғирот шаҳрида қўзғолон қўтарган ёвмуд туркманларининг сардори Отамуродга аталган мактуб бўлиб,унда агар Отамурод Хивага қарши яна қўзғолон кўтарса,унда уни қўллаб қувватлашга берилганди.Хива хони Саид Муҳаммадга бу мактубнинг мазмуни маълум бўлганлиги боис Игнатев ташрифи самимийлигидан шубҳаси бор эди.Хива хони 1859 йил 18 июлда Игнатевни қабул қилди ,аммо Ўрусияга ҳеч қандай товон тўламади.Ўруслар дастлаб Қўнғирот шаҳри ва теварагининг харитасини туздилар.Игнатевнинг соғ-саломат қайтишининг гарови тариқасида ўрус ҳукумати Оренбургдаги хивалик савдогарларни қўлга олиб турдилар.Ушбу ҳайъат(миссия) 1859 йил сентабрида Бухорога келди. 16 октабрда амир Насруллоҳ Игнатевни қабул қилди.Амир ўрусияликлар эркин савдо қилишига ва ўрусия кемалари Амударёда бемалол юришига ваъда берди.Бунга жавобан Игнатев,агар Бухоро Қўқонга қарши уруш очса,у вақтда Ўрусия Бухорони қўллаб қувватлаши ҳақида ваъда берди.Бу ҳайъат 1859 йил декабрида Оренбургга қайтди.Игнатев ўз ҳукуматига ҳар икки хонликнинг ҳарбий жиҳатидан заиф эканлигини билдирди.Мана шулар асосида ўрус ҳукумати бу хонликларга нисбатан дипломатия ўрнига қурол ишлатиш кераклигига ишонч ҳосил қилди.

Туркчадан Бахтиёр Исабек ўзбекчалаштирган.
Матннинг электрон нусхасини Абдулазиз Маҳмудов тақдим этди.
Тошкент 15 декабр 2010 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Парвозлардан даромадни, паравозчи Очилбой Раматов

Ўзбекистондаги барча аэрепортлар кланлар қўлида ўйинчоқ. Парвозлардан даромадни, паравозчи Очилбой Раматов, лирикачи Флора Иноятова, шест се...