9 Aralık 2020 Çarşamba

Халқ ишончи, Сардобадан кейин харобага айланди ва оқиб кетди.

Халқ ишончи, Сардобадан кейин харобага айланди ва оқиб кетди.


Ассалому Алайкум!

Мени гапларим, мақолага ҳам, танқидга ҳам ўхшамасада, фикрларимни, тушунганларимни ёзиб бормоқдаман.
Сардоба воқеалари жуда кўп ҳали мухокама бўлади, лекин натижага эришадиган гаплар, ишлар кўрмаётганимдан хафаман. Шунча блогер, шунча журналистлар ўзларининг информаторлари орқали олган маълумотлари шунчалик камми ёки улар Ўзбекистоннинг рахбарлари, тизимни қандай ишлашини яхши тушунишгани йўқми, деб ўйлаб қолдим.
Сардобада катта ўғирлик, жиноят бўлган ва бу жиноят очилмади.
Сангинов бир оддий қурилиш тизимига бирикиб кетиб, шу тизимнинг ўйинларида қўшилиб ўйнаётган бир одам. Лекин унинг тизими қандай ишлашини чунтиришим орқали қолган қурилишлар қандай ташкил қилиниши тушуниб олса ҳам бўлади.
Биринчи катта бир лойиҳа ишлаб чиқилади, чет элдан экспертлар жалб қилиниб, катта пул сарфланиб лойиха пиширилади. Халқаро стандартларга жавоб берадиган Лойихага, хар хил молиявий донорлардан пуллар, кредитлар жалб қилинади. Пул топилиб, катта, кўзга кўринган қурувчи танланади. Бу қурувчига қўшимча пудратчилар жалб қилиниб, иш бошланади. Қурилиш жараёнида, хар хил бошлиқлар келиб қўлдан келганча камчилик топиб ўз улушини ундуришга тушишади. Қандай кўринишдаги қурувчи, ташкилот бўлишидан қаттий назар, камида бир пиёла чойини ичади. Қурилиш жараёнида, бирор кўрсаткич нархи ошиши натижасида, қурилиш сметаси режаси ўзгариб кетади. Кейин қайта ўзимизнинг лойихачилар, экспертлар чақиртирилиб, шу – шу сабаблар туфайли нархлар ошиб, графикдан чиқиб кетишганини, лойихани сметани ўзгартириш кераклигини чунтиришади. Палончи, фалончи Рахбарлардан гап эшитаётганини ва калтакнинг бир учи уларга хам бориб етишини уқтириб, Лойиха нархи оширилади, сифати эса тушурилади. Бундай холат бир неча бор такрорланиши мумкин! Натижада сифатсиз қурилган Иншоат қабул қиламиз, халқимизнинг бўйнига катта пулни иламиз.
Сув омбори ҳолатида, Тошларни ташиш нархи, трамбовка қилиш нархларини хисоблаб чиқилса, у ерда сарфланган Солярканинг ўзида, миллиардлаб пуллар ўзлаштирилганлигини кўрамиз. Сангиновда соляркага (ёқилғига), мошинларга, лойихага, юк ташишга, озиқ овқатга ва бошқа мухим бўлимларда, фақат ўзининг одамлари жавоб беради. Ҳаммаси Сариосиёдан чиқган ва ўзаро тожикчада гаплашишади, бегоналарни тезда сиқиб чиқаришади. Хатто у Президентнинг қариндоши бўлса ҳам.
Мисол учун Салярка ёқилғисини олайлик. Сув омборидаСангиновга тегишли 1000га яқин, балким ундан ортиқ техника ишлаган. Самосвал мошинлари бир сменада 300-400 километр юради, 2-3 сменада ишлаган даврлари ҳам бўлган. Ўртача 300 километр юради десак, хар бир мошинанинг 100 километрига 2-3 литр ортиқча солярка ўзлаштирса, списания қилса, қуйдаги рақамлар келиб чиқади: 2 (литр) * 3 (хар 100 километрга) * 5000 сўм (ўша даврда 1 литр солярканинг кўчадаги нархи 5000 сўм ва жуда танқис эди. Улар соляркани Россиядан 2000-2500 дан олиб кирарди.) = 30 000 / 3500 (Долларнинг кўчадаги курси, ўртача) * 1000 (техника) =8571 Доллар бир кунга. Буни ўртача 25 кунга кўпайтирсак 214 286 доллар, бир йилда 2 571 429 доллар, 4 йилда 10 285 714 доллар нақд пул келиб чиқади.
Бу хисоб китоблар бир йўналишнинг минимал хисоблаб чиқилгандаги рақамлари. Бу жаноблар, Сардоба сув омборини махсус техникалар билан транбовкалаш, қотириш ўрнига, самосваллари билан устидан юриб қотиришган. Биринчи босқичда, тошлар булдозерлар оқали ёйиб чиқиб, юк ортилмаган самосваллар билан устидан юриб чиқишган, кейин устидан сув сепиб, тош ортилган самосваллар билан юриб тошларни устма уст қотириб боришган. Хатто йўл қурилишида ҳам, махсус бир неча тонна кучга эга бўлган преслагич билан тошларни бир неча қатламлар қилиб ерга уриб, преслаб кейин асфалт ётқизишади. Булар эса мошинларда ғирилатиб у ердан бу ерга бориб келиб катта бир лойихани амалга оширишди.
Бундай ишни ташкил қилиш натижасида Соляркани (ёқилғини) роса ишлатишган бўлса, ажаб эмас.
Шулардан чуниш мумкинки, лойиха бошида жуда пухта ўйланган ва барча талабларга жавоб берадиган бўлган. Кейинги босқичларда, пулни ўмариш натижасида лойиха ўзгариб, сифати тушиб борган. Айнан Сардобада ишлаган, Сангинов корхоналарининг иш сифатига яна бир мисол, Сирдарё вилоятидаги Гулистон каналининг бетонланишининг қурилишида ҳам кузатсак бўлади. Лойиха бошланганда, 4 километр катта канал ичи билан бетонланиши керак эди. Лекин, қурилиш жараёнида айнан шахар марказидан ўтадиган 3 километр қисми, каналнинг таги, доимий сувда турадиган, кўринмайдиган қисми бетонланмади. Сурхандарёдаги канал бетонланганда ҳам, бир йилга бормай селда бетонлари кўчиб кетганлигини текшириб, ўрганишимиз мумкин. Энди бу машхур корхоналар Жиззахда, Сардобадаги сув омборига ўхшаш лойиха, Чорвоқ сув омборининг юқори қисмида, янги сув омбори, Қорақалпоғистонда сув омборлари ва Республика бўйлаб бошқа бир неча лойихаларни амалга ошириш билан, қаттиқ шуғулланишда, давом этишмоқда!!!
Яна қанча сув тошқинлари, яна нечта хонадонни хона вайрон қилишини вақт кўрсатади. Умид қиламанки, буларга қарши куч, халқ, яқин кунларда бирлашиб, тумшуғининг тагидан чиқиб келади.
Қурилиш - оғир, ачинарли мавзу бўлиб қолди!
Сирдарё вилоятининг Сардобада, Гулистон шаҳрида қурилаётган уйларни кўриб йиғлагинг келади. Хеч нарсадан хабари йўқ, қурилишни чунмайдиган, одамларни янги домларда бахтли, хурсанд яшаётганини кўриб, Халокат, офат яқинлигидан қўрқиб, сесканиб кетасан.
Совет даврида, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 4 қаватли уйлар қурилган, 1-2 та 5 қаватли уйлар қуришган. Сабаби, ер шўр ва сувга яқин регион. Ерини ковласа, 1-2 метрдан кейин зах тупроқ, сув чиқади. Кўп жойларда, тўпланиб қолган сув, ойлаб сингиб кетмайди. Сардобада домлар тушган жой эса, энг паст, чуқур қисмлардан бири. У ерда менинг тушунишим бўйича мутлоқа баланд бино қуриб бўлмайди. Унинг устига, жуда қисқа муддат ичида!
Дом қурилишида биринчи катлаван қазилади, иложи борича асфалт қиладиган мошин ёки махсус техника орқали бу чуқурлик текисланиб, преслангандан кейин, подушка бетон қуйилиб дом қурилишига асос бўлади. Шундай бир дом қурилишида, чуқурда ишлаётган асфалт мошин тупроқга ботиб кетган. Тезда уни тортиб олиб чиқишган ва устидан зудлик билан бетонлаб, дом кўтариб юборишган. Бундай палапартишлик ва жуда қўрқинчли камчиликларни, деярли барча қурилиш майдонларида кузатишимиз мумкин. Республикамизда қурилаётган қўп қаватли уйларнинг деярли 99%, қурилиш талабларига жавоб бера олмайди. Хокимлар қурилишни мутлоқо чунмайдиган тадбиркорга, дом қуриш учун ерни сотмоқда. Қурилиш бошланганидан хокимнинг қурилиш бўйича муовини ва унинг одамлари, прокуратуранинг қурилишни назорат қилиш бўлимидан одам, ГАСН ва бошқа иложини қилган ташкилотлар бориб қурувчини талайди. Вақтига улгурмаётганлиги, кўп чанг чиқиб ахолидан шикоят тушаётганлиги, мусорлар йиғилиб қолганлиги, қурилиш моллари сифати, бетонни лабараториядан ўтказиш кераклиги ва шунга ўхшаш бахоналар ғижжилаб, қайнаб чиқаверади.
Рахбарларнинг бундай бэ этибор гапларидан, текширувчиларнинг кўплигидан, сифатли уйлар қуриладими? Унинг устига қурилиш молларининг сифати жудаям пасайиб кетганлигини била туриб, шунчалик ботириб, ўтказиб юборишябдики чек чегараси йўқ. Республикадаги қурилаётган барча кўзга кўринган домларнинг 90%ни тадбиркорлар қуришмоқда. Дўкончи, парникчи, фермер ва бошқа турли сохаларда фаолият юритиб пул тўплаган тадбиркорлар, кўп қаватли уйларнинг тақдирини, саводсизларча ҳал қилмоқда.
Бу майли катта, кўп ва этибор қаратилиши керак бўлган мавзу. Лекин қизиқ бир яна бир савол, Вилоятларда кўзга кўринган объектларни тадбиркорлар қуришаётган бўлса, Давлат олаётган миллиардлаб доллар қаерга сарфланмоқда?
Бу олинган ташқи қарзлар халқни эзишга, Ўзбек миллатни йўқ қилиш учун сарфланмоқда. Ички ишлар бошқармасига, Миллий гвардияга, Мажбурий ижрога ва уларни жихозлаб қироллантиришга. Ундан ташқари Сангинов, Раматов, Ботир Закиров (Қурилиш вазири) назоратидаги ташкилотларга ажратилмоқда. Бу йил аҳоли газ, свет хиоблагичларини янгилашга катта пул сарфлаб, миллиардлаб пуллар ўзлаштирилди. Янги йилдан сув ҳисоблагичи ва бошқа механизимларни ишга туширишади. Яхшилаб ўйлаб қаралса, буларнинг хеч бири аҳолини турмуш тарзини яхшилаш учун эмас, аксинча, умуман фойдаси йўқ сохаларга пул оқиб кетмоқда. Ташқи қарзларни фоизи билан тўлаш эса, оддий халқнинг бўйнида қолмоқда.
Корупция, пора олиш механизмлари шунчалик ривожланиб кетдикки, аралашмаган бирон соха ёки рахбарни топа олмайсиз. Ҳатто оддий бюджет ташкилотининг фарошлик бўлимига ҳам, пора билан ишга олишмоқда. Чунки, кам бўлса ҳам аниқ маоши бор!
P.S.
Кўчага чиқиб кетаётиб, уйдаги одатий йиғилиб қолган чиқиндиларни (мусорни) чиқариб мошинда ўзим билан олиб кетдим. Чиқиндихонага (мусоркага) олиб борсам 3 киши ахлатлар қутисини титиб туришган экан. Одатда кўп учрийдиган жараён, уйсиз (бомж), алкашлар, лўлилар бўлганлиги учун этибор бермай, чиқиндиларни узоқроқдан қутига отиб, тез ортимга қайтиб кетар эдим. Бу гал ҳам тезда мусорни қутига отсаммикан деган ўй билан борсам, бир болакай юракка ботадиган қилиб “отманг”, “ичида нима бо..” дедида, бир менга, бир ёнидаги отахонга қараб, “ейдиган нарса бўлса шу ерга қўйинг” дедими, эшитилдими чунмай қолдимда, олдига секин чиқинди солинган халтани қўйиб, шошиб ортимга қайтиб, мошинага ўтирдим. Шу ортга қайтишдаги қисқа фурсатда, йиғилган чиқиндиларни ичида нима бор эди деб эслаб кетдим. Менда ҳам, болакайни умидидай “бирон ейдиган нарса ташлаганмиканман” деган ҳайёллар ичимни еб, бир зумда миямни қамраб олди. Мошинга ўтириб бироз юрганимдан кейин, ичимдан бир фарёд чиқиб ёрилиб кетай дедим. Ахлатхонада ўзбек 70 ёшлардаги отахон, 30 ёшлар атрофида аёл ва 10-12 яшар болакай умид билан ахлат титар эди.
Ўғлинга бергани битта Хандалак (битта 1600 сўмлик буханка), Нега йиғламайсан она Туркистон!
Бошқача.
Toshkent.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönderme

Not: Yalnızca bu blogun üyesi yorum gönderebilir.

Путин бошқариладиган исёнлар

Путин бошқариладиган исёнлар методи.  Ғарбнинг аралашувини келтириб чиқаради гўёки, демократик ислоҳатлар ўтказиш имкони берадигандай кўр...