Уламо нега ислоҳотга қарши эди?
“Нотинчликларга бой чингизийлар даври охирларига келиб, уламо барқарорлик ва тартиб сақланишини мутлақ зарурият деб қабул қила бошлади. Ҳукмдорлар қандай йўл билан ҳокимиятга келганидан қатъи назар, башарти улар шариатга қарши бўлмаса ва уламонинг ишига халал бермаса, уларнинг ҳокимиятини легитим (қонуний) деб қабул қилишарди...
Чор Россияси ишғолидан сўнг уламода Туркистоннинг янги муаммолари борасида жавоб у ёқда турсин, савол ҳам йўқ эди. Уларга дахлдор нимаики бўлса, бари аъло даражада эди. Мавжуд мадрасалар толиби илмларга тўла эди (уларнинг аксарияти узоқ жойлардан келишарди), пахта иқтисоди берган имконият билан янгилари ҳам қурилаётганди ва уламо жамиятда мисли кўрилмаган нуфуз ва обрўга эга эди. Аввалги мусулмон ҳукмдорлар уларнинг жиловини тортиб турарди. Эндиликда у ҳукмдорлар йўқ, руслар уларга мўл эркинлик бериб қўйган бир пайтда уламо ахлоқ посбони, ислом ҳимоячиси бўлди. Улар жамиятда исломий адлияни амалга оширардилар. Исломий институтлар руслар ҳокимияти остида гуллаб-яшнаётганди. Пахта етиштириш маркази бўлмиш Фарғона водийси йирик исломий билим марказига айланди...”
1917 йил февралида Романовлар сулоласига барҳам берилиб, Муваққат ҳукумат ўрнатилгач, эркинлик эпкини Марказий Осиёга ҳам келиб етди. Жадидлар ислоҳот ҳақида гапира бошлади. Хўш, уламо бунга қандай муносабат қилди?
“Уламо мавжуд турмуш тарзини ислоҳ қилишни маъқул деб ҳисоблаш у ёқда турсин, бунга зарурат йўқ деб қаради. Фарқларни йўқотиб бораётган янгича тартибдаги универсалликни улар хавф деб билишди. Аввалги империя даврида мусулмон ва ғайримусулмонлар ўртасида аниқ чегара белгилаб берилган эди ва уламо ана шу чегара қўриқчиси вазифасини бажариб келаётганди. Бу чегараларни ўчирадиган янги тартибот эса улар учун исталмаган бир ҳол эди. Эркинлик тартибсизлик демак эди. Улар учун эркинлик аёлларнинг очиқ-сочиқ бўлиши, насроний аёллар каби боши очиқ ҳолда бозор ва кўчаларни кезиши, номаҳрам эркаклар билан аралашиб юришини англатар, тенглик эса ислом уламоси билан яҳудий ва ҳиндулар ўртасида фарқ йўқолиши ва жадидлар уларнинг бошларидаги саллани ечиб, ўрнига русларнинг шапкасию яҳудийларнинг телпагини кийдириб қўйишини билдирарди. Ҳаммасидан муҳими, улар жамиятдаги нуфузларига ёшлар соя солишидан ғазабда эдилар...
1917 йилги бир қанча маҳаллий сайловларда уламо жадидларни доғда қолдирди. Жадидлар жамиятда доминант куч эмаслиги аён бўлди. Улар (жадидлар) ўз аччиқ тажрибаларидан ижтимоий фикр билан ҳисоблашмаслик керак деган хулосага келдилар. Башарти миллат ўз манфаати нимада эканлигини билмаса, уни керак бўлса куч билан ўз озодлиги томон етаклаш керак.”
(Adeeb Khalid. “Central Asia: A New History from Imperial Conquests to the Present”)
Хуллас, Чор Россияси даврида уламонинг пичоғи мой устида бўлган, монархия ағдарилиб, Муваққат ҳукумат даврида эркинлик берилгач, аввалги имтиёзлардан маҳрум уламо барибир жадидларни ортда қолдирган. Большевиклар инқилобидан кейин эса, уламо ҳам, жадид ҳам йўқ қилинган, шу билан комедия финито бўлган.
Хўш, комедияни тағин бошлаймизми?
Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.