четверг, 23 апреля 2020 г.

https://uzdemfundsuisse.blogspot.com/2012/01/blog-post.html

Нариги дунё дарчаси олдида

Сафар Бекжон, Швецария.


     Кўплаб мухлисларимиз хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси, ёзувчи Сафар Бекжоннинг “Нариги дунё дарчаси олдида”номли  асарини ўзбек тилидаги нусхасини эълон қилишни бошлаймиз.
Ушбу асарда ёзувчининг маҳбусликдаги ҳаёти, бошдан кечирган даҳшатли кунлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобни ўқир экансиз қийноқлар мунтазам қўлланиладиган Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ҳақиқий аҳвол ҳақида тасаввурга эга бўласиз. Асар собиқ иттифоқдан қийноқларни ўзига мерос қилиб олган ва янада кучайтирган ўзбек режими жиноятларига ўқилган лаънатдек таассурот қолдиради.  САФАР БЕКЖОН 2005 ЙИЛДАН КЕЙИН УШБУ КИТОБДА БАХС КИЛИНГАН БИРЛИК ХАРАКАТИ, ЕРК ПАРТИЯСИ ВА  ИНСОН ХУКУКЛАРИ ТАШКИЛОТЛАРИ БИЛАН СИЁСИЙ АЛОКАСИ КОЛМАГАН.  АБДУРАХИМ ПУЛАТОВ, МУХАММАД СОЛИХ..... КАБИ СИЁСИЙ ШАХСИЯТЛАР БИЛАН ГОЯВИЙ МАСАЛАДА ФАРКЛИ КУЗ КАРАШГА ЭГА.
                                          

     Муқаддима ўрнида


     ГУЛАГ” АРХИПЕЛАГИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН НОМЛИ ОРОЛИ
 Юртимиздаги нео-коммунизмнинг салбий томонларини - миршабларнинг манқуртлигини, бошлиқларнинг бебошлигини, давлат арбобларининг ахлоқсизлигини, қонун қўриқчиларининг қонунбузарлигини ўз ҳаётида кўришга, азобларни татишга улгурган бу йигитни мен шахсан кўрмаганман, у билан суҳбатлашмаганман. 1998 йили унинг “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китобини Овруподаги халқаро бир ташкилот менинг номимга юборганидан сўнг, бу китобни ўқиб чиқиб, анча ўйга толдим. Эски яраларим янгиланди.
Китоб муаллифи Сафар Бекжон ўз китобида ўзининг уч йиллик ҳибс сарсонлик-саргардонликларини бирма-бир хикоя қилган. 
Мен кўрган ер ости ва ер усти турмаларининг деярлик ҳаммасида бўлибди. Китобни ўқиб, олдин тақриз ёзмоқчи бўлдим, лекин ёза олмадим. Китобнинг айрим бобларини инглиз тилига таржима қилдим ҳам, бироқ чоп қилдирмадим. Мен учун Ўзбекистон қамоқ лагерлари ҳақида ёзиш жуда оғир эди. Сафар Бекжон бу қийноқхоналарда 3 йил бўлибди ҳамда жаҳаннамдан репортаж ёзгандек бир ҳаққоний асар яратибди.
Мен ҳозирги “Юрт Боши”нинг устози, раҳнамоси, сорбони Шароф Рашидов ва унинг шогирди, ўзбек халқининг жаллоди, Ички Ишлар вазири бўлиб ишлаган Ҳайдар Яҳёев Ватанимизга хўжайинлик қилаётган замонларда ўша қийноқхоналарнинг барчасида бўлганман ҳамда Рашидовнинг ўлиши билан, Олий Совет Президиуми қарори билан озод қилинганман.
1974 йил 14 декабрдан бошлаб 1983 йил 29 ноябргача бўлган бир муддатда (8 йил 11 ой 15 кун) ўзим бўлган Тош.турма Биринчи корпусининг ер ости камералари, шу жой ер ости картсерлари, Зиёли маҳбусларга мўлжалланган Ҳайдар Яҳёевнинг Тошкент Темирйўл жазолаш изолятори, Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Ташкент марказида жойлашган марказий биносининг ер ости изолятори, Қўқон турмаси, Қўқон турмасининг махсус махбуслар сақланадиган камераси, Тошкент пересилкаси, Маҳбуслар учун мўлжалланган Сан.городок (Тошкент, Қўйлиқ), Наманган вилояти Поп тумани Уйғурсой қишлоғидаги собиқ Уран кони ўрнида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер, шу ердаги резина-калош заводи лагери, Қарши шаҳар четида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер, Учқудуқ туман Учқудуқ шаҳрида жойлашган Кучайтирилган режимдаги лагер ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманижа жойлашган лагерлардан олган таассуротларим, терговчилар бебошлиги, қонунсизлик, коррупция ҳақида ёзганларим турли сабабларга кўра шу кунгача чоп этилгани йўқ.
Сафар Бекжон кейинги даврни - “мустақиллик” деб юритилаётган нео-коммунистик даврни, Самарқанддан чиққан ҳозирги “Бошлиқ” давридаги қамоқхоналар тарихини, маҳбуслар тақдирини, қўриқчилар қаҳри қаттиқлигини, мансабдор шахслар жоҳиллигини ўз китобида батафсил баён қилиб берибди.
С. БЕКЖОНнинг автобиографик характерга эга бўлган бу китоби ҳозирги кунларда ЕВРАЗИЯ ФОРУМИ томонидан рус тилида “У ВХОДА НА ТОТ СВЕТ” номи билан босилиб чиқди ҳамда бир қатор овруполик тадқиқотчилар томонидан юқори баҳоланди. С. Бекжоннинг бу китобида айрим чалкашликлар бўлиши мумкин. Масалан, муаллиф ушбу маьлумотни беради: “Минг тўққиз юз тўқсон учинчи йилнинг йигирма еттинчи сентябри. Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги қамоқхонаси. Бу қамоқхона 1976 йилда қурилган, қурилишни ўша пайтдаги вазир Ҳайдар Яҳёев шахсан назорат қилиб турган”[Шу китоб, 6-бет].
Ҳақиқатда, Ички Ишлар вазирлиги биносининг ер остида, икки қават пастда жойлаштирилган бу қамоқхона-изолятор 1974 йилнинг иккинчи ярмида тайёр бўлган ва ишга тушган. Менинг ўзим 1974 йил 14 декабр куни худди шу йерга олиб келинганман ҳамда Ҳ.Яҳёевнинг биринчи ўринбосари генерал Ткачев сўроқ қилганидан сўнг, Шўроларнинг қийнаш усуллари қандай бўлишини худди шу ерда, ертўланинг иккинчи пастки қаватида татиб кўрганман.
Ўзбек ва рус тилларида чоп этилган Сафар Бекжоннинг бу китоби ҳужжат аҳамиятига эга. Муаллиф шу кунги “келажаги порлоқ” режимнинг ҳақиқий башарасини, шакл-шамойилини чизиб бера олган ва унинг турқидаги тиржайиб турган ниқобини юлиб ташлаб, ҳақиқий баджаҳл, раҳмсиз, руҳсиз, иймонсиз башарасини жаҳон афкор оммасига реалист саньаткор сифатида намойиш этиб кўрсатган.
Туркистон зиёлиларида, менимча, битта етишмовчилик бор. Улар ўз ҳаётлари ҳақида деярлик хотира қолдирмайдилар. Шу кунларгача хотира қолдириш бобида буюк Бобурнинг издошлари чиқмади. Шўролар халқимизнинг энг онгли қатламини 20-30-йиллар, шунингдек 50-йилларда қириб ташладилар; 60-70-йилларда эса Рашидов турли баҳоналар билан “юристлар иши”, “судьялар иши”,”Олий Суд аьзолари иши”, “Раҳмонқул Қурбонов-Ёдгор Насриддиновалар иши” каби атамалар билан вояга етган, оқ-қорани таниб қолган зиёлиларни қамаб йўқ қилди, 80-йилларда “Пахта иши” майдонга чиқди ва яна бир неча ўн минг киши мавҳ этилди. Мустақиллик даврига келиб, “Фундаментализм” деб аталмиш айб йўқ ердан бор қилинди ҳамда бечора ўзбек халқи бошига яна бало ёғилди. Бунинг натижасида, хорижий мухбирларнинг келтирган маьлумотларига қараганда, кейинги вақтларда 40-60 минг киши мана шу тўқима айб билан айбланиб, қамоққа ташланган.
30-50-йилларда қамоққа ташланганларнинг бирортасидан хотира, эсдалик қолдими?! Ўша вақтларда қамалиб, кейинчалик қутулиб чиқишга муваффақ бўлган бир-икки зиёли ҳам хотира қолдирмай, дунёдан кўз юмиб кетди.
Ҳозирги нео-коммунистик тузумда халқимизнинг минг-минглаб ўқимишли, онгли, жаллодга бош эгмайдиган қисми қамоқхоналарга ташланяпти, топталяпти, майиб қилиняпти, ўлдириляпти. Бўлаётган воқеаларни ҳалол акс эттириш фақат шу кунги ёшларгагина эмас, балки келгуси авлод учун ҳам муҳимдир.
Яратилган бир-икки хотиралар муаллифлари асосан қамоқларга ташланган, айбсиз айбдорлар эди. Биз уларнинг оиласи аҳволини билмасдик, аксарият ҳолларда тасаввур ҳам қила олмасдик.
ЭРК саҳифаларида чоп қилина бошланган ҚУРБОНОЙ КАМОЛ қизининг “ҚУЁШ КУЛМАГАН БАҲОР” номли хотиралари мана шу етишмовчиликни тўлдирган ажойиб ҳужжатли бир қиссадир.
Бирор мунавварга қарши қаратилган зулм ҳамиша икки томонлама бўлади. Биринчидан, ўша мунаввар фаолияти, ҳаётига қарши қаратилади. Иккинчидан, шу машҳур фуқаронинг оиласига қарши йўналтирилади. Бирор қамалган киши ҳақида сўз юритилганида, кўпинча шу киши кўрган жабр-зулмлар хусусида гап кетади-ю, унинг оиласи, бола-чақалари ҳақида бир оғиз сўз билан кифояланади. Аслида Шўролар ҳужумни ҳамиша бир вақтда икки томонлама олиб борганлар. Бир вақтнинг ўзида қамалган кишининг оиласига ҳам турли йўллар билан тазйиқ қилганлар, зулм ўтказганлар. Кейинги пайтларда И. Каримов режими ҳеч бир айбсиз қамалган кишиларнинг оиласи, бола-чақасидан ташқари яна унинг қариндош-уруғларига ҳам тазйиқ ўтказмоқда, ака-укаларини ҳам ноҳақ турмаларга ташламоқда.
Сафар Бекжоннинг турмуш ўртоғи бўлган Қурбоной Камол қизи хотираларини ўқиган хар бир киши бунга амин бўлади.
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизи хотиралари бир китобда қайта нашр қилинса, бир фожеанинг икки томони бир ерда аниқ тасвирлаб берилган бўларди. И. Каримов бошлиқ нео-коммунистлар ўзбек халқини қандай мудҳиш йўллар билан мавҳ этаётганлигини китобхон тўла тушуниб етарди.
Сафар Бекжон ва Қурбоной Камол қизининг хотиралари - бу ҳукмдир. Бизнинг она-Юртимизда ҳокимлик қилаётган шу кунги режим устидан чиқарилган ҳукмдир. Оллоҳга сиғинадиган меҳнаткаш фуқароларни таьқиб этадиган, зиё аҳлининг қаддини букиб, манқурт куйига соладиган, қамоқхоналарининг кўпайиши билан мақтанадиган, ҳар бир меҳнаткаш фуқаро ортидан бир неча миршабни айғоқчи қилиб қўйган, ерли халқ учун бегона бўлган режим устидан чиқарилган ҳукмдир…
Шу сўзларни ёзиб турган вақтимда ИНТЕРНЕТ сахифаларида машҳур ўзбек адиби, узоқ йиллардан бери ҳеч бир айбсиз И. Каримов зиндонларида азоб чекаётган МАМАДАЛИ МАҲМУДОВнинг қамоқхонадан йўллаган хати ўзбек, инглиз, турк тилларида эьлон қилиниб қолди. Бу хатдаги ушбу сўзлар менинг эьтиборимни ўзига жалб этди:
“Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўргилик бу! Кечмиш кечмиш бўлиб, бундай … [кўргиликни] кўрмаган. Ёвузлик, зулмнинг энг сўнгги ҳадлари… Миллионлар… миллионлар адоғи! Мен ўз кўзим билан кўрдим барини. Ўзимнинг игналар санчилган, михлар қоқилган, куйдирилган, мажақланган танамда ўтказдим барини. Сўкиш, таҳқирлар… Чексиз таҳқирлар. Булар бари дахшат!.. Ўлим қоплари кийдирилгандан сўнг, қийноқлар олдида ўлим ҳалво бўлиб қолди… Руҳни синдира олмайди. Руҳ унга қарши миллион қатла қайралади. Ўлим гўзал… Буни ёзяпман, қўрқяпман, шошяпман.
Ҳар қадамда айғоқчи… 20 кг озиб кетган эдим. Юз марталаб хушсиз йиқилдим. Ўлди деб ўйлашган эди.
Тангрига шукур, тирикман… Мен сизга юз варақ ёзмоқчи эдим. Имконият бўғилган, кўзлар боғланган, тиллар боғланган. Дўстим бизга - йўқликка ёрдам беринг. Аҳвол сўнгги нуқтада.
Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон).
11 ноябр 2000 йил”.
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг бу ёзганлари И. Каримов қамоқхоналаридан олиб борилган репортажнинг ўзидир. У бизга кўп нарсани ўргатади. Биз ҳаракат қилмасдан, кимдандир ё нимадандир кўмак кутиб ўтирмаслигимиз, балки ҳаракат қилишимиз, миллатимиз ёғийлари олиб бораётган зулм тарихини Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи, Мамадали Маҳмудовларга ўхшаб ўзимиз яратишимиз лозим бўлади. Ҳақиқий тарихни фақат Ҳаққа ишонувчилар ярата олиши мумкин. Муҳаммад Солиҳ, Сафар Бекжон, Қурбоной Камол қизи ва Мамадали Махмудовларнинг ёзганлари тарихий ва ҳаққоний ҳужжатдир; халқимизнинг барча қатламига таниш бўлган “ГУЛАГ АРХИПЕЛАГИ”НИНГ ЎЗБЕКИСТОН ДЕБ АТАЛМИШ ОРОЛИдан олиб кўрсатилган ҳаққоний лавҳадир.
Бу ҳужжатлар билан танишган ҳар бир китобхон қандай яшаш керак эмаслигини билиб олади ва шунингдек, Туркистон тупроғида ХХII асрда ҳам Сталин ва Берия шогирдлари фаолият олиб бораётганликларидан хабардор бўлади.
23.01.2001
Хайрулла Х. Исматулла,
Индиана университети
Марказий Евра-Осиё Тадқиқотлари бўлими
Блоомингтон, АҚШ

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Узбекистон деган, давлат йук. Узбекистон деган, мафя худуди бор.

Узбекистон Россия тарафидан таъсис килган шаклда сиёсий-иктисодий, ижтимоий сохалар кланларга булиб берилган. Бу сохалар бошкарувини, калан...