Швейцариянинг Лозанна шаҳрида яшаётган асли ўзбекистонлик сиёсий фаол Сафар Бекжоннинг Озодликка айтишича, уни бир йил аввал Ўзбекистон ватандошлигидан чиқариб юборишгани ҳақида энди хабар топган. Ўзбекистондан ташқари бошқа ватандошлиги йўқлигини айтган Сафар Бекжон уни ватандошликдан маҳрум қилишганини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғламоқда.
57 яшар Сафар Бекжон (Бекчанов Сапарбай Жумабаев)нинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, унга Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилгани сабабини изоҳлашмаган:
- Ўзбекистоннинг Берлиндаги консуллигидан хат олдим. Хатда президент фармонига кўра, 2017 йил 17 март куни мен ватандошликдан чиқарилганим айтилган. Сабаби кўрсатилмаган. Сабаб кўрсатилиши керак, мана шу сабабларга кўра, ватандошликдан чиқарилди деб яъни айб кўрсатилиши керак. Айб кўрсатилмаган. Менинг агар иккинчи ватандошлигим бўлганда, шуни сабаб қилиб кўрсатишлари мумкин эди. Лекин менинг иккинчи ватандошлигим йўқ. Менда БМТ берган қочқинлик ҳужжати бор холос.
Сафар Бекжон консуллик томонидан жўнатилган хат нусхасини Озодликка тақдим қилди. Консуллик хатида “Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотига кўра, Бекчанов Сапарбай Жумабаевнинг Ўзбекистон фуқаролиги Ўзбекистон президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПФ-4948 рақамли фармонига асосан йўқотилган”, дейилган.
Озодлик Сафар Бекжоннинг Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилганига ойдинлик киритишни сўраб, Ўзбекистоннинг Берлиндаги
консуллигига мурожаат қилди. Консулликдан бу “шахсий мақомдаги маълумотлар турига мансуб бўлганлиги сабабли, унга жавоб бериш элчихона ваколатига кирмаслигини маълум қиламиз” деган жавобни олди.
Сафар Бекжон ватандошликдан чиқарилганини сиёсий фаолияти билан боғлайди:
- Бу, албатта, диктатуранинг давоми. Жаноб Мирзиёев ислоҳотларига ишонганида мени Ўзбекистонга киритарди. Демак, жаноб Мирзиёев менинг сиёсатчи сифатида Ўзбекистонда бўлишимга қаршилик қилаяпти. Уни танқид қилиб, унга зарба беришим мумкин бўлган сиёсатчи сифатида Ўзбекистонда бўлишимни истамаяпти.
Сафар Бекжоннинг айтишича, у хорижлик тадбиркорлардан иборат 10 кишилик гуруҳ тузган ва шу гуруҳ ёрдамида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция киритишни режалаштирган, бироқ у эндиликда бу лойиҳаси амалга ошмаслигидан афсусланади. Бу борада қуйидаги аудио суҳбатда тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Хоразмнинг Ҳазарасп туманида туғилиб, ўсган Сарфар Бекжон 1997 йил февраль ойида сиёсий фаолияти сабаб Ўзбекистонни тарк этиб, Швейцарияга келган ва кейинчалик шу ерда қочқинлик мақоми олган.
Сафар бекжон Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзосидир.
Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси бўлган Бекжон 1993-96 йилларда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаган.
У Ўзбекистон қамоғида кўрган-кечирганлари ҳақидаги “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китоб муаллифидир.
Сафар Бекжон 2013 йили Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом
Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид Женевадаги виллага киргани воқеаси билан Озодлик мухлисларига таниш.
У Гулнора Каримованинг Женева кантони 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги бир неча миллион доллар экани ишониладиган уйига ноқонуний кириб олган эди.
Ўзбекистонлик фаол ўзининг бу амалини “қонунга зид бўлмаган сиёсий акция”, деб атаганди.
Каримова хонимга тегишли уйда тўрт кеча қолган сиëсий фаол Сафар Бекжон виллада Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та тасвирий санъат дурдонаси ҳамда Қуръоннинг 18-асрда кўчирилган нодир қўлёзмаси чиққанини фотосуратлар билан намойиш қилганди.
Меҳрибон/Озодлик
Меҳрибон/Озодлик
емайл: bekievam@rferl.org