НОСИРХОНТЎРА КАМОЛХОНТЎРАнинг маҳбусликдаги ҳаётидан бир лавҳа...
Вадуд Маҳмуд
Зебинисо Хуррамова таржимаси
Маълумки, Вадуд Маҳмуд умрининг деярли 20 йилини сургун ва қамоқда ўтказган. Адиб 1929 йил қамоққа олиниб 1930-1931 йиллар оралиғида Тошкент қамоқхонасида сақланган. Ўша вақтда йирик уламо ва сиёсий арбоб Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли билан битта камерада бўлган. Вадуд Маҳмуд Носирхонтўра Камолхонтўраевнинг сўнги кунларига гувоҳ бўлган ва бу аччиқ хотираларини кейинчалик 1954 йил, 27 май санасида “Девмард” номи билан Самарқандда қоғозга туширган. Мазкур хотиралар Вадуд Маҳмуднинг ўғли Нажод Маҳмудий ва Бахтиёр Абдураҳим ҳамда Муҳаммадшариф Рустамзодалар томонидан айрим қисқартиришлар билан табдил қилиниб, “Маърифати омузгор” журналининг 2018 ноябрь сонида эълон қилинган.
Ҳикояни кўп бор ўқидим. Ҳар гал кеча душманнинг малъун исканжасида миллатимиз не не буюкларидан ажралганидан изтироб чекдим ва эртамизнинг равшанлиги учун ягона илинж бу ҳаққоний тарихимизни тиклашдир деган хулоса ғолиб келаверди. Носирхонтўра Камолхонтўра ўғлидек азиз умрини Ватан, миллат ва дин равнақи йўлига бағишлаган улуғ инсонларимизнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини билишимиз, инсоний бурчимиздир.
**********************************************
ДЕВМАРД
... Кўп вақт ўтмай эшик очилди. Бир одамни киритишди. Эски нарсаларини менинг тўғримдаги каравотга ташлади, ёйди ва чиқиб ғамгин ҳолда ўтирди. Ташқи қиёфасидан элликлардан ошган кўринарди. Йирик жуссали – бўйлари баланд, елкалари кенг, калтасоқол, соқолларига оқ оралаган, юзи кенг бўлиб, кўзлари катта-катта, қошлари камонсимон эгилган. Бошида чиркин чуст дўппи, устида пахтали жома, у ҳам албатта кир, оёғида махси- калиш.
Салом бердим. Саломимга алик олдими-йўқми, аниқ бўлмади, чунки мен томонга қарамасди. Фақат боши билан саломга жавоб ишорасини берди, холос. Бутунлай ўз фикру хаёли билан банд эди. Мен бу кишини аввал кўрмаганим сабабидан танимадим.
– Сувингиз борми?- сўради у.
Бир литрдан кўпроқ сув кетадиган оқ чойнак менинг доимий ҳамроҳим эди. Бир куни яккахонали камера дарчасидан сув олаётганимда тушиб пачоқ бўлган, шуни кўрсатиб:
- Мана, -дедим.
Бориб озроқ ичди ва қолганига таҳорат олди, яъни юз-қўлларини ювди. Тирноқлари ўсиб кетган, анчадан бери олинмаган, пичоғи йўқлиги маълум, чунки пичоқ қурол ҳисобланади. Бу ер эса қамоқхона, бу сингари ўткир -кесувчи нарсаларни олиб юриш тақиқланган. “Душман” қўлига қурол бериб бўлмайди…
Таҳорат олаётганида, намоз ўқиётганида эътибор бериб кузатдим, хатти –ҳаракатидан илм аҳлидан экани кўриниб турибди. Кошки яхши одам бўлса эди, - ўйладим мен. Узоқ вақтдан бери ҳеч ким билан гаплашмай ёлғизлик азобини тортардим. Шу сабаб бу киши билан ҳамсуҳбат бўлишни жуда хоҳлардим. Маърифатли киши бўлса эди-ю, суҳбатлашиб чанқоғимни қондирсам -дердим.
Шом ёки хуфтон намозини ёки ҳар иккисини бирдан адо этиб бўлгач, яна ўзининг кўрпачасига бориб юзини мен томонга қилиб ўтирди. Лекин илтифотсиз – менга эътибор қилмас, ўзи билан ўзи оввора. Мен бўлсам сабрсизлик билан гаплашишни, кимлигини ва қандай одамлигини билишни истардим. У парвосиз, юзи ва туришидан суҳбатлашиш истаги йўқлиги кўриниб турибди. Кейинчалик ўзи бу ҳақда: ”Бундай жойларга гап олиш учун жосусларни киритишади - деб кўп эшитардим. Сизни кўриб шулардансиз деб ўйладиму: Яна қандай балога йўлиқдим,- деб хавотирга тушдим”-деганди.
Бу одам кўринишидан фарғоналикларга ўхшарди.
-Ўзлари қаердан бўладилар? - туркийда сўрадим.
- Фарғонадан! - туркийда жавоб берди у киши.
Гапириш оҳангидан фарғоналик экани билиниб турар, қиёфаси ҳам ўша ерлик деҳқонларга ўхшарди. Икки –уч оғиз наридан-бери гаплашишу расмий сўрашишлардан кейин ўзбек эмас, ўша юртнинг тожикларидан экани маълум бўлди.
Қадимдан Ўзбекистон ҳудудига кирувчи Фарғона водийсида тожиклар кўп. Аслида бу ҳудуд тожиклар яшайдиган жой. Ҳозирда ҳам тожикзабон қишлоқ ва шаҳарлар кўпчиликни ташкил қилади. Чуст ҳам тожиклар истиқомат қиладиган шаҳарчалардан бири. Лекин бугунги кунда ўша ҳудуд аҳолисининг тили туркий тил таъсири остида қолиб, жуда кулгили ҳолга келиб қолган. Сўзлашувда туркий тилдаги сўз-жумлаларни тожик тили билан аралаштириб ишлатишлари оқибатида янгича қоришиқ гаплар тўқилганини эшитиш мумкин.
Бўлиб ўтган бу гап-сўзлар мобайнида у кишининг истар-истамас жавоб бераётганини кўриб, яна саволга тутиб танг аҳволда қолдиришни истамадим. Бошига бирор кулфат тушган, юрагида ғам-қайғуси бўлса керак, чунки бундай жойларда беғам- беташвиш кишилар ўтирмайдилар, албатта. Бу ерга келган ҳар бир одамнинг ўзига яраша бир дарди бор, бошқасининг дарду ғами эса уникидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Шундай мулоҳазалар билан уни ўз ҳолига қўйдим. Вақти келиб, ўзи суҳбатдошга эҳтиёж сезади, чунки бу ер шунчалар юракни сиқадиган жойки, гаплашмасликнинг асло иложи йўқ. Бу ерда тасодифий икки-уч оғиз ундан- бундан сўзлашишнинг ўзи кишига кўп роҳат бағишлайди.
Маълум вақт ўтгач бир- икки расмий савол-жавоблардан кейин бу кишининг чиндан ҳам оддий одам эмаслиги маълум бўлди. Катта истеъдод эгаси ва ўқимишли - илмли шахс бўлиб, сўфисифат одам ҳам эмаслигини айтиб ўтишим керак. У кишининг кўнглини кўтариш мақсадида: “Ҳозирги оғир аҳволингиздан, бу қийин ва ноқулай шароитдан кўп сиқилманг, бундай кулфатлар, азоб- уқубатлар кўплаб улуғларнинг бошига тушган. Булар сиқилишингизга арзимайди. Хусусан, бу азобу машаққатлар ҳақ ва ҳақиқат йўлида кўрилса, у одам нақадар бахтли!- дедим, сўнг мана бу байтни ўқидим:
Осмон саҷда кунад пеши Замин, ки дар ӯ
Як-ду кас як-ду нафас баҳри Худо биншинад.
(Осмон Замин олдида сажда қилсин,
Бир –икки киши бир икки нафасда бўлса ҳам)
Шу сингари тасалли берувчи гаплар ва ушбу байт унинг мижозига тўғри келгандай бўлди, назаримда. Унда ҳаяжон пайдо бўлганини сездим, кўзларида ёш айланди. Дардли одамлиги аниқ бўлди. Бироздан сўнг:
- Субҳоноллоҳ, бу жойларда ҳам шундай шахсларни кўриш мумкин бўларкан... – деди.
- Бундай кишиларнинг ўрни шундай жойлардадир! - дедим.
Шундан кейинги суҳбатларимиз қизғин тус олди. Кундузларию узун кечалар турли мавзуларда - тарих ва адабиёт, оилавий-ҳаётий масалалару бошқа ҳар хил воқеалардан суҳбатлашардик, сўзлаб берардик, эшитардик. Гўё бу суҳбатларимизнинг охири йўқдек - ҳеч тугамас эди. Чунки бу киши кўп ўқиган, улкан билим эгаси, арабий, туркий, форсий тиллари ва адабиёти, ислом тарихи сингари кўп соҳаларни жуда пухта эгаллаган эди. Араб, туркий ва форс тилларидаги кўплаб шеърларни ёд билар, араб тилида равон сўзлашарди. Бир неча бор текшириш учун маълум муддат араб тилида суҳбатлашдик - у киши мендан тез ва равон гаплашиши маълум бўлди. Зеро, у араб тилида таҳсил олган, бундан ташқари кўп йиллар мобайнида араб тилида дарс берган экан. Ҳаж зиёрати вақтида Маккаи шариф ҳузуридаги Ҳужож мажмуасида Мовароуннаҳр ҳожилари номидан нутқ сўзлаганини ҳикоя қилиб берди. Юксак салоҳияти нутқидан кўриниб турарди.
Наманганнинг Косонида истиқомат қилувчи кишиларидан экани маълум бўлди. Асли тожикзабон ва уламо оиласидан. Дастлаб отаси қўлида таҳсил олган ва кейинчалик Намангандаги отаси қурган ёки отасига атаб қурилган мадрасада дарс берган. Хулоса шуки, мен топган бу чуқур билимли одам бизнинг замонамизда камдан-кам топиларди.
Кунларнинг бирида яна бир кишини келтириб бизга ҳамроҳ қилдилар – энди уч киши бўлдик. Бу рус киши қурилиш муҳандиси экан. У қамалишидан олдин Самара ва Оренбург (ёки бошқа бир шаҳар) орасида қатновчи темирйўл эгаси бўлган. Биз ва бу янги меҳмонимиз ўртасида яна танишув бошланди. Бу муҳандис “иш жараёнида совуққонлик ва қасддан жиноят содир этган”- деган айб билан қамоққа олинган. Муҳандислар маркази ҳайъати раиси лавозимида ишлаганида гўёки Амударё сувини гиёҳ ўсмайдиган чўлга буриб юборган ва бу хато оқибатида у ерда бошқа ўсимлик ўсган. Шу айб сабабидан уни яна тергов қилардилар. Ўша йилларда бутун ҳудудни эгаллаб олган нодон-жоҳиллар у жойни ҳам ўзларига макон қилган эдилар... Хулоса шуки, ҳар куни уни тез-тез олиб кетиб сўроқ қилардилар. Бу ернинг тартиби ҳар бир айбдор учун ана шундай эди.
Ўзимиз шундай аҳволда бўлишимизга қарамай, у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашардик, бир-биримизга савол бериб, ким, қандай, нима бўлганини сўраб билардик. Орада бизнинг мулламиз: Бу рус кишиси нима иш қиларкан?- деб сўради мендан.
- Муҳандис экан -дедим.
- Жуда соз - деди у. Муҳандис бўлса демак, риёзиётдан хабари бор. Истаса олий математикадан бир масала берсам, шуни ечса,- деди. Мен мулланинг истагини рус кишисига тушунтирдим. У ҳам хурсандлик билан қабул қилди ва:
- Бу кишининг математика илмидан хабари борми?- деб сўради.
- Кўрамиз – дедим мен. Кейин мулла математик тенгламалардан айтди. Бироздан кейин муҳандис масалани ҳал қилди. Яна бошқа масала берди. Уни ҳам ечгач, муҳандис туришию, уст-боши бир аҳволдаги, европаликка умуман ўхшамаган бу кишининг мураккаб масалаларни билишидан жуда ҳайратга тушди ва:
- Бу киши қаерда таҳсил олган?- дея сўради. Мен таржимонлик қилардим.
-Наманганда!
- Қайси дорулфунунда?
- Отамнинг мадрасасида!
- Отангиз қаерда таҳсил олган?
- Наманганда.
-Қайси мадрасада?
- Оталарининг мадрасасида.
Муҳандис: Бу ўлкада одамларга олий математикани ўргатадиган мадраса борми?- деб сўради.
- Шунга ўхшаяпти- дедим.
Муҳандис муллани имтиҳон қилиш мақсадида унга турли мисол-масалаларни берар, бизнинг мулла ҳам европача рақамларда, ўзига хос йўллар билан масалани ҳал қилар, кунларимиз шу тарзда ўтарди.
Кейинги кунларда яна бир-икки асирлар келди. Улардан бири қари яҳудий врач эди. Унинг айби меншевиклар партиясига мансублиги бўлиб, шу айби учун Москвада қолиши лозим кўрилмай Тошкент қамоқхонасига юборилган. Бўлиб ўтган савол-жавоблардан кейин унинг кимлиги ва қандайлигини билган бизнинг муаллим деди:
- Яхши бўлди, энди табиб - мутахассисимиз ҳам бор.
Ва менга хитобан: Сиз бундан сўранг-чи, мана бу касалликнинг ташхиси қандай бўлади - деди. Мен мулланинг истагини яҳудий врачга етказдим.
У: Бу кишининг тиббиётдан хабари борми?- деди.
- Биламан деб, даъво қиляпти- дедим.
Келишиб ҳар иккисининг янги келган, озғин, ранглари учган маҳбус устида тажриба ўтказишларини ва унинг қандай касал билан оғриганини аниқлашларини айтдим. Дастлаб бизнинг мулла уни обдон текширди, томир уришини, кўзлари ва танасини кўрди, у ёқ-бу ёқдан савол берди ва:
- Касалини топдим, касали бунақа-бунақа... - деди.
Навбат врачга келди, у ҳам ҳар томонлама кўрди ва: Мулла нима деяпти?- деди. Мулла нима деган бўлса унга айтдим.
- Тўғри топибди, мулла қандай белгиларни айтган бўлса - худди шундай деди у. Кейин сўради:
- Сиз бу касалликни қандай даволайсиз?
Мулла бир қанча гиёҳ номларини айтди, фалон гиёҳнинг томири, фалон ўсимлик ва фалон-фалонлар бунга даво бўлади. Улар ниманинг уруғи ва қандай ўсимликлар эканини унга тушунтирдик, буларни аниқлаб билганидан кейин врач деди:
-Тўғри. Биз бугунги кунда тиббиётда ўша сиз айтаётган даволаш манбаларидан фойдаланамиз, ҳозирда кўпроқ ўша гиёҳ-ўсимликларнинг ўзидан ёки уларнинг баъзи туридан дори-дармон тайёрланади. Кейин врач:
-Сиз қайси дорулфунунда таҳсил олгансиз, Миср ёки Истамбулда ўқиган бўлсангиз керак?- деб сўради.
- Наманганда! – деди мулла.
- Қайси дорулфунунда?
- Отамнинг мадрасасида!
Врач менга қаради ва:
- Бу мамлакатда тиббиёт ўқитиладиган шундай мадрасалар борми? - деб сўради.
- Шундайлиги маълум бўляпти- дедим.
Шу тариқа бу киши эгаллаган барча билимлар бирма-бир ошкор бўлиб борарди. Булар мен билмайдиган илмлар эди. Билган барча илмларимдан эса мулла яхши хабардор эди. Бундан ташқари ислом ҳуқуқшунослигини чуқур эгаллаган эди, кейинроқ у кишининг фатво бериши ҳам маълум бўлди. Шу зайлда ҳар куни шеърхонлик, муҳокама-ю мунозаралар давом этарди. У мени Бедил сингари шоирларнинг мураккаб байтлари билан имтиҳон қилиб синар, баъзида тушунтирардим, баъзида эса ўзи шарҳлаб берарди. Ана шу сингари суҳбатлардан бири Бедил девони матлаъидаги “сар ба муҳр” сўзларининг одамлар томонидан “миҳр” деб ўқилиши тўғрисидаги байт хусусида бўлганди. У Бедилнинг мана бу мисрасини ўқиди: “Қабза кард ангушти ҳайрат дар даҳон шамшерро”. Унинг менга ўқиб берган шеърларидан мана бу байт ёдимда қолган:
“Бе субҳ шабе хоҳам бо ӯ ғами дил гуям,
Ман гиряму ӯ хандад танҳо ману танҳо ӯ”.
Шу орада мен ҳам қуйидаги ғазални унга ўқиб бердим:
“Хабар диҳед ғизолони кӯҳу саҳроро,
Дигар ба ман напаронанд тири иморо”.
Жуда мамнун бўлди ва: Кимнинг шеъри?- деб сўради.
- Самарқандлик шоирнинг шеъри, у ҳозирда ҳаёт- жавоб бердим мен.
- Йўқ, ҳозирда бундай иқтидорли шоир бу мамлакатда топилмайди. Қадим шоирлардан бўлса керак - деди.
Ҳеч нарса демадим, лекин унинг бу мақтови менга жуда хуш ёқди. Чунки шеър ўзимники эди, озодлик вақтида ёзилган...
Бизнинг ёнимиздаги хонада Шоҳрасул номли тошкентлик муаллим ва ёзувчи ўтирарди. У билан ташқарида танишгандим. Жуда синчков ва ҳаракатчан одам, у маҳбуслар ҳаётидан кўплаб янги хабарларни етказиб турар, гўё бизнинг информбюромиз эди. Бир куни мендан: Сиз билан бирга ҳамроҳларингиздан яна кимлар бор? – деб сўради. Мен кимлар борлигини бирма-бир айтиб, гап орасида бу мулла ҳақида ҳам гапирдим. “Ў-ў-ў, бу киши наманганлик Камолхонтўранинг ўғиллари Носирхонтўра бўладилар. Оталари ҳам мулла, ҳам катта шайх эди. Бу кишининг ўзи Мухторият вақтида Хўжандда муаллим, маориф вазири бўлган эдилар. Мендан салом айтинг”- деди.
Кейинчалик маълум бўлдики, бизнинг мулламиз шўро ҳукуматига қарши мухолифат ҳаракати йўлбошчиларидан бўлиб, миллий армия мағлубиятга учрагач, бу киши ҳам хорижга кетиш ниятида эски кийимларни кийиб деҳқон қиёфасида кетаётганида чегарада қўлга олинган. Ўзи бу ҳақда: “Бепарволик қилдим, зиёфатга бориб қимизхўрлик қилиб юрдим, валлоҳ, ўтиб кетардим” - деб айтган эди. Йўлда хуржунидан шўро ҳукумати кирдикорлари қоралаб ёзилган рисоласи топилган. Ўзи, икки ўғли ва кўплаб тарафдорлари қамоққа олинган.
Кундузи уни яна юқорига олиб чиқдилар. Бир соатлар ўтгач жуда тушкун ҳолда қайтиб келди. Уни бу аҳволда кўриб нима бўлганини сўрашга ҳам журъатим етмади. Бироздан сўнг ўзи: “Ўлимга ҳукм қилинганим тўғрисидаги ҳукмномани ўқиб бердилар. Имзоладим - деди ва жим бўлди. Бу хабарни эшитиб шунчалик қайғуга ботдимки, қайғумнинг чек-чегараси йўқ эди.
Дарҳақиқат, бу кишининг тақдири бошқача якун топиши мумкин ҳам эмас эди. Илму маърифатда тенгсиз, улкан салоҳият эгаси бўлган бу инсон бекордан бекорга нобуд қилинаётган эди. Унинг қадрини ким ҳам биларди, унинг қандай шахс эканини ким ҳам тушунарди!? Бундай шахслар ҳар куни ва ҳар замонда дунёга келавермаслигини уларнинг қайси бири англаб етарди!?
Бу мард инсон шу юрт маданиятини ўзида мужассам этган қадимий илму маърифат намояндаларидан бири эди. Бугунги кунда ғарбнинг замонавий илмларини эгаллаб сиз билишингиз билан фахрланадиган илмларни у ҳам билишини исботлаганди. У ўз ҳол тилида: нафақат Самарқанду Бухоро аҳли, балки бир наманганлик ҳам юрт саодати, миллат корига ярайдиган зарурий илмларни ўргана олади, - демоқчи бўларди.
Аслида эса илму маърифат ва жасорат тимсоли бўлган бу шахсни тақдирлаш лозимлигини саводсиз, онгсиз ва лоқайд хорижлик маъмурлар қаердан тушунсин?!
Агар бу миллат ўз юртида ўзи ҳукмронлик қилганида бундай кишини ўлдиришларига йўл қўймас, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, ҳимоя қилган бўларди. Лекин бу гапларни ким айта оларди ва кимга айта оларди?! Мамлакат бир неча золим, нобакорлар қўли остида, юрт эгалари ҳуқуқсиз ва қадрсиз! Кўз ёшларимиз тинмай йиғлаймиз, оҳу фиғонлар чекамиз, умидсизлик ва бахтсизликлар ичида яшаймиз. Ўз диёримизда гўё ғариблардек қон ютамиз, дод-фарёдимиз ҳеч қаерга етиб бормайди. Бу мавзуда ҳар қанча марсия айтсак ва ёзсак кам. Қайғу- ҳасратимиз шунчалар оғир эдики, ҳеч бир қалам буни тасвирлай олмайди. Ваҳоланки, бу кишининг ҳеч бир айбу гуноҳи йўқ эди. Унинг гуноҳи - ўз мамлакатининг озод бўлишини истагани эди. Унинг айби - келгинди босқинчиларнинг қаллоб қўлларини калта қилишни истагани эди. Унинг айби – шиддат-шижоати-ю ҳаққини талаб қилгани эди, холос!
Ноиложлик – чорасизликдан қўлимга қалам олиб, ўша куни бу улуғ инсонга тасалли бериш мақсадида қуйидаги байтларни ёздим ва унга ўқиб бердим:
“Сабо ин бариди диёри ҳабибам,
Паёме бар аз доғи дил бар табибам”.
Бу ғазалнинг мендан ўғирлаб кетилган нусхасига замонанинг фозил кишиларидан андижонлик Абдулла эшон мухаммас боғлаган эди. Бу мухаммас маҳбуслар орасида қўлма-қўл бўлиб, кўп муҳокамаю-мунозараларга сабаб бўлди. У мухаммас ҳали менга етиб келмасиданоқ ҳаммамизни қайтадан қамоққа ола бошладилар. Кўплаб маҳбуслар поёнсиз мамлакатнинг олис бурчакларига жўнатилди. Уларнинг аксарияти дарахтзору чангалзорларда чидаб бўлмас даражадаги оғир меҳнат остида дунёдан ўтдилар. Мен ва яна бир неча асирлар касаллигимиз ва ҳолсизлигимиз сабабидан шу ерда қолдирилганимиз ҳам айтилмай қолмасин.
Ўша кеча биз ухламадик, чунки бу мотам туни эди. Бу мотам нафақат шу мамлакат фарзандининг, балки улуғ намоянданинг, шу ўлка илму маърифатини ўзида мужассам этган тирик ёдгорликнинг, мамлакат озодлиги кураш майдонида жонини қурбон қилган курашчининг мотами эди. Эҳтимол, бу халқ ўз шаҳидларини ёдга оладиган кунлар келар...
“Дар орзуи ин сару савдо гудохтем,
Ёдоварӣ намо, эй Худо, ки накарди ҳимояте”.
Яна икки-уч ой мобайнида ҳамроҳ бўлдик. Сўнгги кунларда даҳшатли тушлар кўриб алаҳсиб чиқар, уйқуси жуда безовта эди.
Бир куни тунда ўзларининг одатлари бўйича ҳамма ухлаганидан кейин биз ётган хонанинг темир эшиги овозсиз очилди. Ҳаммадан олдин мен уйғондим.
- Камолов қайси бири? - деб сўрадилар мендан.
Кўрсатдим.
- Уйғот, - дедилар.
- Ўзингиз уйғотинг, - дедим.
Унинг оёғидан тортдилар.
“Субҳоналлоҳ” - деб ўрнидан турди.
- Нарсаларингни кўтар - дедилар: У нарсаларини йиғиштирди ва ташқарига чиқди. Ташқаридан “Жим бўл!”- буйруғини англатувчи “Тиш!” - “Тиш!”- деган овоз келарди.
Отувга олиб кетилаётган маҳбусни қаршилик қилмаслиги ва овозини чиқармаслиги учун қўл-оғзини боғлайдилар - деб айтишарди кўпни кўрган тажрибали кишилар. Уни шу аҳволда олиб кетдилар. Биз қандай ҳолатда бўлсак, шу кўйи қотиб қолдик. Анча вақт ўзимизнинг узундан - узун мотамсаро фикру хаёлимиз билан ўтириб тонгга яқин ҳар томонга чўзилиб ухлаб қолдик... Туш кўрдим: у янги ва чиройли кийимлар кийган, юзлари нурли, жуда хурсанд. “Кўрдингизми, улар менга нималар қилдилару мен қандай ҳолга етишдим!”- деяпти. Худойим даражасини олий қилсин.
Катта ўғлини ҳам ўлдирганларини эшитдим. Кичик ўғли Ҳасанхонни Тошкентдаги умумий қамоқхонада, ундан кейин Туясарой лагерида кўрдим. Ёши йигирмадан ўтган, отасидай - жуда салоҳиятли йигит, унга уч йил муддат беришган экан. “Барибир қочаман” - дерди у. Бир куни қамоқхона деворидан ошиб қочгани, маълум муддат Хоразмда юриб кейин Чинга ўтгани хабарини эшитдим.
Бу достон шу билан якунига етди. Биз қандай чорасизликда қолган бўлсак, ўша ҳолимизча қолдик ва ҳануз қолмоқдамиз..
Bahrom Irzayev саҳифасидан
Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.