понедельник, 6 декабря 2021 г.

Боймирза Ҳайитни: “Туркистон Русия билан Чин орасида”


Боймирза Ҳайитни: “Туркистон Русия билан Чин орасида” китобидан
Ўрусия билан Туркистон ўртасидаги қирқ икки йиллик
уруш (1853—1895)
( 4 Давоми )
Ўрусия билан Қўқон 1852 йилдан бери келиштириб бўлмас уруш ҳолатида эди.Шундай аснода ўрус стратегияси хонликнинг ички муаммолар билан бандлигидан фойдаланиб,Қўқонни босиб олишнинг пухта режасини ишлаб чиқишга улгурди Ўрус ҳарбий саркардалари 1860-64 йиллар мобайнида катта жанг кутилган жойларда турли йўллар билан уни маҳаллий тўқнашувларга айлантиришга уриндилар.Қўқон қўшини эса мудофаа усулини қўллади.1860 йил 2 октабр Қора Кастек ирмоғи бўйидаги Узун Оғочдаги жангдан сўнг тўқнашувлар ҳар икки томон учун ҳам юқори нуқтага чиқди.Ўрус аскарий бирликлари бошида Калпаковский ,Қўқон бирликлари бошида Қанот турарди.Қўқон томонидан жангда 5000 дан кўпроқ аскар қатнишиб,шулардан 1500 нафари шаҳид бўлди .Жанг жараёни ҳақида бир ўрус ҳарбий тарихчиси шундай ёзади:” Қўқонликлар жасорат ва матонат билан жанг қилдилар,кўп ҳолларда юзма юз жангга отилдилар”. Қўқонликлар ўрус тўпларининг оташи туфайли жангни ютқаздилар.Узун Оғочни ишғол этиш билан ўруслар Еттисув ўлкасидаги энг муҳим ҳарбий нуқтани қўлга киритдилар.Узун Оғоч жангидан бир оз аввал сентабрда ўруслар Тўқмоқ ва Пишпак қалъаларига ҳужум уюштирган эдилар.Бироқ жиддий бир натижага эриша олмай,гарнизонларини Вернийга чекинтиришга мажбур бўлгандилар. Шунинг учун зикр этилган қалъаларни ишғоли навбатдаги мақсад сифатида бироз орқага сурилди.Ўрус раҳбарияти ҳар бир жангдан олдин аввалроқ босиб олган ерлари билан алоқани таъминлашга катта эътибор берарди. Подшо 1 Николай 1851 йили Сибир ва Оренбург ҳарбий чизиқларини бирлаштиришга фармон берган эди. Бу топшириқ 1864 йилгача амалга оширилмади,чунки Оренбург чегара чизиғи жанубда
Орол қўли ва Сирдарёгача чўзилар эди. Шунинг учун ҳам бу икки ҳарбий чизиқни бир-бирига боғлаш мумкин эмасди. Бу икки чегара чизиғини боғлаш муаммоси анча чўзилиб кетди.Ўрус йўлбошчилари Авлиёота,Пишпак ва Туркистон каби шаҳарлар фатҳ этилмагунча 1851 йилда чиқарилган подшо фармонини бажара олмасликларини яхши билишарди. Оренбург бошвалиси Безак 1864 йилнинг 22 ноябрида Оренбург ва Сибирия ҳарбий чегара чизиқларини Тошенгтда туташтириш таклифи билан ҳарбий вазирликка мурожаат қилди. У ўз қарашини қуйидагича исботлади:”Тошкент Ўрусиянинг энг қулай ва муносиб чегараси бўлади.Қўқон хонлиги Тошкентга таҳдид солгудек бўлса,ўрус гарнизони Сирдарё ва Сибирия ҳарбий чегара чизиқларидан ёрдам ола билади.Тошкентни босиб олсак Сирдарёдаги бандаргоҳларимизни мустаҳкамланишини осонлаштиради ҳамда Сирдарё юқори оқимидаги ерларни босиб олишимизни тезлаштиради.Айниқса бизнинг қозоқлар(ўрус ҳокимияти остига олинган қозоқлар назарда тутилмоқда-муаллиф) билан Қўқон қозоқлари орасидаги тўқнашувларни бартараф этишимизга имкон беради. Бизнинг оладиган солиқларимиз ҳам кўпаяди. Туркистон шаҳри ишғол қилиниши билан унинг атрофидаги қалай конларига ҳам эга бўламиз.Бу металл бизда йўқлиги учун ҳам ниҳоятда зарурдир. Тошкент муҳим бир саноат шаҳри бўлиб,Бухоро,Хитой ва Ўрусиядан келган карвонлар учрашадиган ердир.Қўқон шаҳри бу ердан 150 верст узоқликда.Тошкентнинг забт этилиши фақат Қўқонни қўлга киритишимизнигина эмас,балки Бухородаги нуфузимизни оширишга ҳам ёрдам беради. Тошкентдан оладиган даромадларимиз Сирдарёдаги қалъаларимиз харажатларини,шубҳасиз, қоплайди.” Охирроғида Безак келтирган мана бу жумласи ҳам эътиборни тортади:” Тошкентни босиб олиш учун эса ҳар доим бир баҳона топса бўлади”. Бу “ниятлари” билан Безак салафи Катениннинг истилочилик сиёсатини давом эттирди.Катенин 1858 йилдаёқ Чўлоқ, Янгиқўрғон,Туркистон каби шаҳар ва қалъаларни истило қилишни таклиф қилган эди.
Ўрусларнинг раҳбарияти 1861 йилга қадар Туркистонни тўлиқ истило қилиш мавзусида турли шахслар ҳар хил фикр билдиргани боис бир тўхтамга кела олмади. 1861 йилда қўполлиги билан ном чиқарган Д.А. Милютин Ўрусиянинг аскарий вазири вазифасига келтирилди. Безак ўзига фикрдош бўлган дўстга эга бўлди. Айни пайтда --1861 йил февралида Дюгамели Сибирия бошвалиси бўлди.Дюгамели Қўқон хонлигини босиб олиш масаласида юқоридаги икки шахснинг рақиби эди. У Қўқон хонлигига сиёсий босим ўтказиш йўли билан мақсадга эришиш тарафдори бўлган.1861 йили август ойида генерал Игнатев ташқи ишлар вазирлиги Осиё бюросининг мудири этиб тайинланади. У ҳам Туркистонни қурол ишлатиб босиб олиш тарафдори эди.Энди уч кишилашиб(Милютин,Игнатев ва Безак) Туркистон хусусида ўз қарашларини қабул эттириш имконига эга бўлдилар.Туркистонни босиб олиш масаласи яна кўндаланг бўлиб қолди.
1862 йил 3 мартда Петербургда буюк княз Константин бошчилигида махсус комиссия Безакнинг 1861 йилги режасини муҳокама қилди. Унинг бу режаси қабул қилинди.Бунда фақат Тошкентни босиб олиш кейинга сурилди. 1852 йилнинг ёзида ўрус аскарий бирликлари Пишпакка бостириб бордилар,лекин Қўқон бирликлари томонидан орқага улоқтириб ташланди.Ўруслар Пишпакни фақат ўша йилнинг 24 октабрида ишғол қилишга муваффақ бўлишди.Бу ғанимат 1862 йилнинг энг зўр акцияси эди. 1853 йилда Ўрусия Полшадаги қўзғолон туфайли кучли таназзулни бошидан кечирди.Ўрус ҳукумати Англиянинг Полшани қўллаши Ўрусия билан Англия ўртасида уруш келиб чиқишига сабаб бўлади,деган хавотирда эди.Бу эҳтимолий урушни Ўрусия фойдасига ҳал қилиш учун Ўрус ҳукумати Англияга Шарқда тўқнашишни мақбул деб ҳисоблади.Амударё ҳавзаси ва хусусан Хива хонлигини истило қилиш яна биринчи планга чиқди.Қўқонни босиб олиш..ҳаракатлари вақтинча тўхтатилди.Полшадаги қўзғолон туфайли Англия ва Ўрусия орасида уруш чиқмади.Ўрусия Европада энди ўзини хавфсиз ҳис қила бошлади. Шу боис Қўқонни истило қилиш учун юриш қайтадан бошланди.Ўрус ҳукуматининг махсус бир комиссияси 1862 йил 26 февралида Сирдарё ва Сибирия ҳарбий чизиқларини боғлаш ҳақида қарор қабул қилди.Аммо бунинг учун ҳукуматда пул йўқ эди.Шунинг учун бу режа бироз қўлай вақтгача кечиктирилди.
1853 йил Оқмачит фожиасидан кейин Қўқон хонлигида саросима бошланган эди.Оқмачит қўлдан кетгач,Тошкент бегларбеги Муллабек(Қўқон хони Худоёрхоннинг биродари) босиб келаётган ўрусларга қарши тура олиш учун Қўқондан ёрдам сўраб чопар юборди.Ўзи эса кичик бир бирликка бош бўлиб ўрусларга зарба бериш ниятида Оқмачитга қараб йўл олди.Шу аснода биродарига яна бир элчи-чопар жўнатди.Худоёрхон биродарим Муллабек менга қарши исён кўтарди ,деб ўйлаб чопарни қатл қилдирди. Бегларбеги МУЛЛАБЕК Бухорога мурожаат қилишга мажбур бўлди.Худоёрхон Тошкентнинг ҳокимлигига Шодмонхўжани тайинлади Тошкентнинг бу янги ҳукмдори Оқмачитни озод қилиш учун ҳаракат қилиши керак эди. Оқмачитда Қўқон қуролли кучлари бошида турган Шодмонхўжа ўруслар томонидан у ердан улоқтириб ташланди.Шу боисдан у ва яна икки қўмондон Қўқонга чақиртирилиб,ўлимга маҳкум этилдилар,лекин улардан Шодмонхўжа афв этилди.1853 йилда Қўқон ҳукумати вазирларидан Қосим мингбоши саркардалигида Оқмачитга юриш қилинди.Бу юриш ҳам муваффақмятсизликка учраб орқага қайтилди.Оқмачитнинг қўлдан кетиши Қўқонни қаттиқ саросимага солди,чунки бу қалъа—шаҳар Ўрусияга нисбатан Қўқоннинг мустақиллиги рамзи моҳиятига эга эди.1857 йилда Авлиёотада хонликка қарши қозоқларнинг қўзғолони бўлиб ўтди. Ўша йили Қозондан Қўқонга нуфузли дин арбоби бўлмиш Рустамхон Хўжа келди. Бу зот Қўқонда хонга қарши суиқасд тайёрлади.Бироқ бу суиқасд режаси вазир Қосим мингбоши томонидан фош қилинди. Рустамхон Қоратегинга қочди ва у ерда Худоёрхонга қарши қўзғолон уюштирди. Қорасувда исёнчилар билан хон кучлари орасида жанглар бўлди.Бунда хон кучлари енгилди.Аммо Рустамхон Қўқон ҳокимиятини қўлга оладиган имкониятдан маҳрум бўлди.Чунки унинг қуролли кучлари ҳам Қўқон шаҳри учун бўлган жангда енгилди.
Қўқон ўрусларга қарши курашда қадам бақадам чекиниши,ва кўп ерларини бой бериши Қўқон аслзодаларини ташвишга солиб қўйди.Бундай норозилар бошида Тошкентнинг собиқ бегларбеги Муллабек турарди. Муллабек 1858 йилда акаси Худоёрхонни тахтдан тушириб,ўзи хон бўлиб тайинланди.(биз ўзбек тилига ўгирган туркча нусхада Мўллабек,Маллахан,Маллабек,Муллабек тарзида бир тарихий шахс номланган биз асос бўлган манбадаги шаклларни бирлаштириш йўлини тутдик-ўгирувчи). Муллабек ҳар иккиси ҳам фавқулодда истеъдодли қўмондон бўлган Қанотшоҳ ва Алимқул ёрдамида ўрусларнинг Тўқмоққа (1860 йил 26 август) ва Пишпакка (4 сентабр) ҳужумларини қайтаришга ҳаракат қиларди.Бунга қисман муваффақ бўлинди ҳам.Муллабек ўрусларга қарши мудофаа тадбирлари билан банд бўлган бир замонда тахтдан туширилиб Бухорога қочган Худоёрхон Бухоро амиридан мадад олиб Қўқон шаҳрига тажовуз қилдию бу сафар ҳам саросима ўзини намоён қилди.Муллабек ўз биродарининг бу ҳужумидан сўнг ҳокимият тизгинини қўлида ушлаб қола олмади. Кейинроқ ,яъни 1862 йилнинг 1 мартида ,Қўқонда Муллабекни қатл қилиш гуруҳи ташкиллаштирилди.Бу гуруҳга Алимқул,Хидирбек,Шодмонхўжа,Худойназар,Дўст Мухтор ва Матиброҳимлар кирди.Бу гуруҳ айни чоғда урушни сўнги нафар жангчи қолгунча давом эттириш учун ғайрат ҳам қўрсатди. Шоҳмурод хон қилиб кўтарилди,Шодмонхўжа бош вазир этиб тайинланди.Ушбу ҳодисалар жараёнидан фойдаланиб Худоёрхон Бухоро амирлигидан қайтиб,Тошкентни ишғол қилди ва ўзини қайтадан Қўқон хони деб эълон қилди.Шоҳмуродхон ўзи қўшинга бош бўлиб Тошкентга юриш бошлади.Лекин аскарлари орасида низо чиққанлиги боис бирон-бир жангсиз орқага қайтишга тўғри келди.Қўмондон Алимқул 2000 аскар билан Андижонга бориб,бу ерда Худоёрхонга қарши уруш ҳозирликларини кўра бошлади.Кейин Худоёрхон қўшинларини Асакада тор-мор қилиб,Наманган ва Марғилон шаҳарларини қўлга киритди.Худоёрхон 1859 йилнинг илк баҳорида Бухоро қўшини ёрдамида хонликнинг бош кенти Қўқонни ишғол қилди.Бухоро амири Музаффар Қўқонни Бухоронинг тасарруфида деб эълон қилди.У Худоёрхонни Тошкент ҳокими этиб тайинлади.Бу амалларнинг барчасини Алимқул тан олмади.У ўлдирилган Муллабекнинг Намангандаги 12 яшар ўғли Султон Саидни хон қилиб қўтарди.Алимқулнинг ўзи унинг бош вакили бўлиб олди ҳамда хоннинг ноиблигини ҳам зиммасига олди.Бу бутун ҳокимият Алимқул қўлига ўтганлигини англатарди.Айни чоғда Алимқул қобилиятли қўмондон эканлиги ҳам рост эди .
Хонликнинг ҳаёт мамотига ўруслар таҳдид солиб турган бир кезда Қўқон хонлиги юқори табақаларининг бундай фаросатсизлиги унинг мудофаа қобилиятига катта зарба берди.Хонликдаги ички низолар Ўрусия учун қозониладиган катта ғалабадан бир нишона эди.Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки,хонлар ҳам ,қўмондонлар ҳам тез-тез алмашиниб туришига ва уларнинг анча заифлигига қарамай,Ўрусия истилосига қарши курашнинг ҳеч бир кўринишида воз кечилмади.Лекин Ўрусиянинг истило ҳирсига нисбатан бу қаршилик анча ожиз,айни чоғда режасиз эди.Қўқоннинг мудофаа бош режаси умуман бўлган эмас Ўрусларда эса босиб олишнинг бир неча асрлик режаси мавжуд эди.Қўқоннинг аскарий саркардалари(суворийлар,пиёдалар, эскирган тўплар .юзма-юз жанга мўлжаллаб яқинда ташкил қилиниб сафарбар қилинган ҳарбий оломон) ўрта асрларча жанг методлари билан иш кўрди. Шунга қарамай ,хатто ўрус манбалари эътирофича ҳам, хон аскарлари катта жасорат билан жангга отланар эдилар.
Хонликда алғов-далғов бўлиб ётган бир паллада – чор ўруслари 1862 йил 23 декабрида Сўзоқ ,Авлиёота ,Чимкент ,Туркистон шаҳарларини босиб олиш режасини тузиб чиқишлари билан Қўқон хонлигига қарши уруш режасини амалга ошира бошлади.1863 йил мартида Оренбург разведка қароргоҳи қўмондони Черняевга Чўлоқдан то Туркистон шаҳригача бўлган майдондаги ҳаракатларни назоратга олиши ҳамда Орол кўли флотилияси қўмондони Бутаковга Сирдарё ҳавзасини тадқиқ қилиши ҳақида кўрсатмалар берилди.Полковник (албай) Лерхга Сибириядан Авлиёотагача бўлган йўлларни тадқиқ этиш,ҳарбий қурилиш юзбошиси Проценкога эса Норин бўйлаб Қошғаргача мавжуд бўлган йўлларни тадқиқ қилиш топшириқлари берилди.Ҳар бири ўзига топширилган тадқиқ жойларининг тавсифини ҳам бериши лозим эди. 1863 йилнинг охирига қадар тадқиқ ишлари тугалланди.Шундай қилиб ўрус ҳарбий қисмлари 1864 йил бошларида ҳаракатни бошлашга тайёр қилинди. Қўқон аскарий қисмлари ҳам Алимқул қўмондонлигида мудофаа тадбирларини кўрди. 1863 йилнинг охирида Тошкент бегларбеги Нурмуҳаммад Сўзоқ ,Авлиёота ва Чўлоққўрғон қалъа шаҳарларини тафтиш учун сафарга чиққан эди.Туркистон шаҳри ҳокими Мирзадавлат 2000 аскар тўплаб мудофаага ҳозирланди.Ўруслар ҳарбий режасига кўра Оқмачит билан Сўзоқ орасида алоқани таъминлаб туришда Туркистон(Ясси) шаҳри алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланарди.Бу шаҳар Сирдарё ҳавзаси,хусусан, Тошкент мудофааси юзасидан Қўқон давлати учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди.Босқинчи ўруслар ва ҳимояланувчи қўқонликлар 1864 йилда жуда бир кескин равишда юзма-юз келдилар.Ниҳоят, 1864 йилда ўрус ҳарбий бошлиқлари Ўрта Осиё чегарасида,қозоқ даштларида ҳарбий чизиқлардан ташкил топган қудратли разведка,қалъа ва мавзелар бунёд қилишга эришгандан сўнг 1864 йилда чор Россияси армияси асосий урушни бошлаб юборди.
Давоми бор
Доктор Боймирза Ҳайитни: “Туркистон Русия билан Чин орасида” китобидан
Туркчадан Бахтиёр Исабек ўзбекчалаштирган.
Матннинг электрон нусхасини Абдулазиз Маҳмудов тақдим этди.
Тошкент 15 декабр 2010 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

Узбекистон деган, давлат йук. Узбекистон деган, мафя худуди бор.

Узбекистон Россия тарафидан таъсис килган шаклда сиёсий-иктисодий, ижтимоий сохалар кланларга булиб берилган. Бу сохалар бошкарувини, калан...